Ички ишлар вазирлиги вакили спортнинг дуатлон тури бўйича ҳаваскорлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида фахрли 1-ўринни қўлга киритди
2025-04-28 20:50:00 / Янгиликлар

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш, ҳаваскорлар ўртасида турли мусобақалар ташкил этиш орқали уларни жисмоний фаоллигини рағбатлантириш борасида кенг миқёсда спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг топшириғи ҳамда Ўзбекистон триатлон федерациясининг спорт тадбирлари тақвим режасига асосан, жорий йилнинг 27 апрель куни “Янги Ўзбекистон” боғи ҳамда унга туташ трассада ўсмирлар, аёллар ҳамда ҳаваскорлар ўртасида спортнинг дуатлон (вело-югуриш) тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Мазкур мусобақада ўсмирлар 3 та, ҳаваскор иштирокчилар эса 9 та ёш тоифасида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Чемпионат якунига кўра, юзга яқин иштирок этган ҳаваскорлар ўртасида Ички ишлар вазирлиги жамоаси ҳам фаоллик кўрсатди. Вазирлик жамоаси таркибида иштирок этган Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси, катта инструктор-ўқитувчиси подполковник Асхат Муслинкин фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медалини қўлга киритди.
Ушбу натижа Ички ишлар вазирлиги тизимида спортга қаратилаётган эътибор ва ходимларнинг жисмоний фаолликка бўлган интилишининг яна бир намунасидир.



