Фахрийлар – фахримиз. Билим ва қонунга таяниб
2025-04-27 23:00:00 / Янгиликлар

Инсонни маънавий-ахлоқий жиҳатдан безайдиган фазилатлардан бири ҳалол-покиза яшаш, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликдир. Ҳалоллик виждон, адолат ва бурч каби ахлоқий тушунчалар билан боғлиқ. Буни яхши англаган истеъфодаги майор Абдуғаффор Бегимқулов ўз умрини ватанга хизмат қилиш, юрт осойишталиги учун фидойилик кўрсатиш йўлида сарф этди.
1982-2007 йилларда дастлаб Транспортда хавфсизликни таъминлаш йўналишида, сўнгра Термиз шаҳрида профилактика инспектори, вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида катта инспектор, Ангор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритди.
У пайтларда шароит бугунгидек эмас, транспорт, уй-жой билан таъминланиш даражаси оғирроқ эди, — деб эслайди лавҳамиз қаҳрамони. — Шунга яраша хизмат фаолияти ҳам бироз қийинроқ кечарди. Аммо, шукрки, яхши шароитларни ҳам кўриб, қўлдан келганча хизмат вазифамизни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қилдик.
Ҳамиша отам берган ўгитларга амал қилдим. Тўғри йўлдан юрдим, фақат билимим ва қонунга суяниб иш тутдим. Шукр, кам бўлмадим, бугун ҳам ички ишлар органи фахрийси сифатида ҳурматдаман.
Бундан жуда мамнунман. А.Бегимқулов 2007 йилда Музработ тумани ИИБ ҲПБ катта инспекторлигидан пенсияга чиққач, «Шарқ гули» маҳалласига раислик қилди, сўнгра туман Тиббиёт бирлашмасида ходимлар нозири бўлди.
Ҳозирда Ангор тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси сифатида 330 нафар фахрийнинг бошини бириктириб, тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, 4 нафар фахрийга ногиронлик аравачаси олиб беришда, боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишда ҳам ташаббус кўрсатди.
Дарвоқе, ўтган йили фахрий ходимлар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақасида Абдуғаффор Бегимкулов вилоятда биринчи ўринни эгаллади.
Илгари спортнинг қўл жанги ҳамда кураш тури билан шуғулланганман, — дейди А.Бегимкулов. — Кураш бўйича спорт устаси даражасига эришганман.
Шахматни ҳам яхши кўраман. Ҳозир набираларим билан тез-тез дона сурамиз. Уларни спортга ошно қилишга, эришган ютуқларини рағбатлантириб боришга ҳаракат қиламан.
Фахрий қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Назира ая билан 2 ўғил, 2 қизни ўқитган, ҳозирда набираларининг тарбияси билан машғул.
Истеъфодаги майор бугун Ангор тумани ИИБдаги ёш ходимларга устозлик қилиб, уларга тўғри йўл кўрсатишга, эгнидаги либосига доғ туширмасликка ундайди.
Ўзи китобсевар бўлгани боис уларни ҳам шунга даъват қилади. Зеро, у босиб ўтган йўл, ҳаётий тажрибалар кейинги авлод вакиллари учун ибрат бўла олади.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова.
