Йўл интизомни ёқтиради. Қоидабузар ҳайдовчиларга чора кўрилди
2025-04-26 07:50:00 / Янгиликлар

Хоразм вилоятида «Оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ойлиги» ўтказилмоқда. 30 апрелга қадар давом этадиган ойлик доирасида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамкорлигида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли профилактик-тарғибот ҳамда рейд тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шу кунга қадар ойлик доирасида ўтказилган рейдларда йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан 10021 та қоидабузарлик аниқланди. Бунда, жумладан, 336 нафар ҳайдовчи светофор ишораларига риоя этмаган, 2014 нафари тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, 4398 нафари эса қўпол қоидабузарликлар содир қилган. Энг ачинарлиси, 62 нафар фуқаро маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарган.
- Асосан ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқараётгани, тезликни меъёр талабларидан ошириши, светофор ишораларига риоя этмаслиги автоҳалокатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта мутахассиси, капитан Шавкат Бобожонов. — Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида тарғибот тадбирларини ўтказяпмиз. Бунда ҳайдовчи ва пиёдаларнинг масъулиятини ошириш, уларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Автомобиль йўлларининг белгиланган талаб ва меъёрларга мос келиши ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим саналади. Шу боис ойлик давомида вилоят ҳудудидаги автойўлларни кўрикдан ўтказиш, аниқланган камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўриляпти.
Ойлик доирасидаги тадбирлар вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
