«E-material» ахборот тизими жиноятларни ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштиришга хизмат қилади
2025-04-25 11:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан 2025 йил 28 март куни ИИВ Академиясига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси юзасидан (2025 йил 6 апрелда тасдиқланган) йўл хаританинг 1-бандида «Мулоқот клуби» учрашувларига ИИВ соҳавий хизматлари раҳбарлари ва тажрибали ходимларини жалб этиш вазифаси белгиланган.
Маълумки, 2025 йилнинг 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашишнинг яна бир йўналиши тариқасида ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш масаласи белгилаб берилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «102» хизмати орқали келиб тушган жиноят ҳақидаги хабарларни автоматик тарзда рўйхатга олиш, яъни, ҳар бир мурожаатни «рақамли изи» қоладиган тизим яратилгани ўз натижасини берган.
Шу билан бирга, айрим туман ва шаҳар ички ишлар раҳбарлари статистикани яхшилаш учун жиноятни яшираётгани, рўйхатга олишни ойлаб чўзиб юриш ҳолатларига ҳам йўл қўйилган.
Мазкур камчиликлар президентнинг танқидига сабаб бўлиб, келгусида шу каби ҳолатларни олдини олиш учун, ҳар бир маҳалладаги профилактика масканларини кузатув камераси ва ҳар бир инспекторни «боди камера» билан таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олиш бўйича янги платформани ишга тушириш лозимлиги қайд этилди.
2025 йил 17 апрель куни ИИВ Академиясида ташкил этилган «Мулоқот клуби» машғулотларининг навбатдаги машғулотида айнан ушбу вазифанинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланди. Тадбир амалиёт орган вакиллари сифатида ИИВ Ташкилий департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Юсупов Бегзод Шавкатович ҳамда ИИВ ситуацион-таҳлилий маркази бўлими бошлиғи, подполковник Шоҳакимов Отабек Джалоловичлар таклиф этилди.
Машғулот давомида ИИВ Академияси Магистратура тингловчилари ҳамда бакалавриатнинг кундузги таълим шакли «Ташкилий-штаб фаолияти» мутахассислиги бўйича таълим олаётган курсантларга жиноят ва ҳодисаларга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқишда «Э-материал» ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби ҳамда унинг афзалликлари етказилди.
Тадбирда курсантларга келгусида ташкилий бўлинмаларнинг хизмат қилиш, хусусан жиноятларни ҳисобга олишда «Э-материал» ахборот тизимидан фойдаланиш қандай билим ва кўникмаларни эгаллашлари лозимлиги ҳақида қимматли тавсиялар берилди.






