Ўзбекистон ИИВ делегацияси Бокудаги халқаро анжуманда иштирок этмоқда
2025-04-24 16:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази раҳбарлигидаги делегация Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилаётган “МДҲга аъзо давлатларнинг ваколатли органларида эксперт-криминалистика фаолиятининг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этмоқда.
Анжуман Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирлари кенгаши ҳомийлигида ташкил этилган бўлиб, унда МДҲ давлатлари ўртасида эксперт-криминалистика соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий-услубий таъминлаш, тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирларида мутахассисларнинг иштирок этишига оид масалалар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида яратилган объектларни тадқиқ қилишдаги янги экспертлик вазифаларини шакллантириш, суд компьютер экспертизаси доирасида электрон қурилмалардан ахборот олиш каби янги йўналишлар ҳам кўриб чиқилмоқда.
Анжуман доирасида, геном маълумотлари алмашинуви ва ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси халқаро ҳамкорлар билан тажриба алмашиб, соҳадаги илғор усуллар билан танишмоқда.
Мазкур анжуман МДҲ давлатлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва эксперт-криминалистика фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази







