Қашқадарё вилоят Ёшлар марказида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Намунали оила” кўрик-танловининг илк босқичи бўлиб ўтди
2025-04-24 16:00:00 / Янгиликлар

Унда бошқарма соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман Ички ишлар бўлимларида хизмат қилаётган ходимлар оила аъзолари билан иштирок этишди.
“Таништириш”, “Бу менинг оилам” ва “Биз китобхон оиламиз” шартлари бўйича ўзаро беллашувларда иштирокчилар миллий рақс, шеър, қўшиқ, халқ ўйинлари ва бошқа ижрочилик маҳоратлари орқали соғлом, намунали оиланинг жиҳатлари, эришган ютуқларини намойиш этиб, фотосуратдан иборат электрон оилавий фотоалбом ҳамда ўзларининг жамиятда тутган ўрни, касби, севимли машғулоти, ўзаро оилавий муносабатлар, оиладаги анъана ва қадриятларни акс эттирувчи видеоролик ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиётига ҳисса қўшган, буюк мутафаккир ва адиблар қаламига мансуб китобларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамияти бўйича билет саволларига жавоб беришди.
Бўлиб ўтган танловда барча шартларни аъло даражада бажарган Яккабоғ туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори майор Баходир Ражабов оиласи ғолибликни қўлга киритиб, 1-даражали диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди ҳамда мусобақанинг республика босқичда иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Навбатдаги ўринларни эса Қарши тумани ички ишлар бўлими катта тезкор вакили майор Жамшид Мирзаев ва Касби тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори капитан Отабек Қораев банд этиб, 2-ва 3-даражали диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати







