Қонунга итоаткорлик зарур
2025-04-24 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳазорасп тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи ходимлари маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида ўтказиладиган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор беришмоқда. Айниқса, маҳкумларнинг белгиланган қонун-қоидаларга тўлиқ риоя этиши доимий равишда ўрганиб бориляпти.
Жорий йилнинг ўтган даврида 323 нафар маҳкум пробация назорати остида бўлиб, уларнинг барчаси суд ҳукмида белгиланган жазоларни ўтаб келмоқда, — дейди Пробация гуруҳи катта инспектори, майор Азамат Қурёзов. -Маҳкумлар билан мунтазам тарзда тарбиявий-профилактик тадбирлар олиб борилаётгани боис, уларнинг 144 нафари тузалиш йўлига ўтгани учун муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод этилди.
Жазо муқаррарлигини таъминлаш, маҳкумлар онгида қонунга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш мақсадида сайёр суд йиғилишлари ўтказиб келинмоқда. Суд жараёнларида жазони ўташ даврида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилган, тузалиш йўлига ўтган шахсларни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, ўрнатилган тақиқ ва чекловларга риоя қилмаган айрим маҳкумларнинг жазо турларини оғирроқ жазога алмаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ўтган давр мобайнида мазкур талабларни бажармаган 2 нафар маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турига алмаштирилди.
Пробация гуруҳи ходимлари жиноят содир этиб, муқаррар жазодан яшириниб юрган кимсаларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда ҳам фаол қатнашмоқдалар.
Масалан, яқинда бошқа соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида пробация ҳисобида турган қидирувдаги К.Б. туман ҳудудида ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Хизмат ходимлари маҳкумлар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида мунтазам ўрганиш ишларини олиб боришяпти. Хусусан, назоратдаги шахслардан 25 нафари жиноят содир этишга мойиллиги, 14 нафарининг жиноят содир этиш хавфи юқори экани аниқланиб, улар билан профилактик тадбирлар амалга оширилди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида пробация гуруҳи ҳисобида турган шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
©️ “Postda” газетаси, Худойберган Жабборов.
