Бухорода жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари танқидий муҳокама қилинди
2025-04-23 15:15:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятида ҳокимлик соати доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган ПҚ-1-сонли қарори ижроси муҳокама қилинди. Видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги раҳбарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда 544 та «маҳалла еттилиги» аъзолари ва умумтаълим мактаб директорларининг фаол иштироки таъминланди. Унда қарор доирасида амалга оширилган ишлар, тизимдаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ва галдаги вазифалар кенг таҳлил қилинди.
Йиғилишда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан вилоятда 2025 йил бошидан буён қайд этилган жиноятлар ҳолати батафсил ёритилиб, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар, хусусан оилавий зўравонлик, жамоат жойларидаги безорилик, ўғрилик, фирибгарлик, кибержиноятлар ва гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинди. Айниқса, вояга етмаганлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларининг жиноятларга йўл қўйиш сабаблари, бунга таъсир қилаётган шарт-шароитлар ва мансабдорларнинг ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашуви қаттиқ танқид қилинди.
Муҳокама давомида Президент раҳбарлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида илгари сурилган «Бухоро тажрибаси» концепцияси эслатилиб, Бухоро вилоятини коррупция ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу боис барча масъул раҳбарларга ўз жамоаси ва ҳудудида қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашни кучайтириш вазифаси юклатилди. Якунда ПҚ-1-сонли қарор асосида тузилган йўл харитасидаги бандларнинг сўзсиз ижросини таъминлашга оид топшириқлар берилиб, уларнинг бажарилиши қатъий назоратга олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати






