Хавфсиз йўналиш. Махсус тадбир доирасида
2025-04-23 08:00:00 / Янгиликлар

Айни кунларда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг тегишли кўрсатмасига асосан, жойларда «Хавфсиз йўналиш» махсус тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 1 май кунига қадар давом этадиган мазкур тадбир доирасида Қашқадарё вилояти ТХТБ «Деҳқонобод» бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси шахсий таркиби томонидан ҳам муайян ишлар олиб бориляпти.
Тадбир давомида темирйўл корхона ва ташкилотлари, маҳаллалар, таълим муассасаларида тарғибот учрашувлари ўтказиляпти. Бу учрашувларда темирйўл объектлари ва уларга яқин жойларда хавфсизлик талабларига риоя этиш лозимлиги уқтирилмоқда, аксинча ҳолатларнинг оғир оқибатлари аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирилмоқда.
Шу билан бирга, тадбир давомида бекатлар ва фуқаролар ўтиши учун мўлжалланган жойларда ҳаракат хавфсизлиги қоидалари акс этган баннерлар ва кечки вақтда йўловчилар ҳамда ишчиларга қулай бўлиши учун ёриткич чироқлар ўрнатилди.
Умуман олганда, жорий йилнинг дастлабки 3 ойи мобайнида темирйўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, турли салбий ҳолатлар келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллаларда 52 марта, ўқув муассасаларида 28 марта, темирйўл корхона ва ташкилотларида 42 марта профилактик тадбирлар ўтказилди. 65 нафар фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этгани аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган, 1 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди.
Амирхон ЖУЛАНОВ, капитан.
Қашқадарё вилояти.
