Уч авлод учрашуви. Унутилмас таассуротлар
2025-04-21 23:00:00 / Янгиликлар

Нукус туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ўтказилган «Уч авлод учрашувида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник О. Турдақов, Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Ф. Санкибаев, кенгаш аъзолари, туман ИИБ ходимлари, шунингдек, мактаб жамоаси иштирок этди.
Тадбир давомида фахрийлар ўзларининг меҳнат йўли ва хизмат давридаги воқеалар тўғрисида сўзлаб беришди. Шу билан бирга, бугунги кунда ёшларга яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги ҳақида сўз юритилди.
Мазкур мактаб 2022 йилда Президент фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, замонавий турдаги кимё, биология, физика, робототехника лабораториялари ва компьютерлар билан таъминланган.
Ҳозирда бу ерда 30 нафар ўқитувчи 196 нафар ўқувчига таълим бериб келмоқда. 2023-2024-ўқув йилида битирувчиларнинг 85 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлган бўлса, ҳозирда 7 нафар ўқувчи халқаро IELTS сертификати, 3 нафари чет тили, 2 нафари тарих, 1 нафари физика фанлари бўйича миллий сертификатга эга.
Учрашув кутилганидан ҳам аъло даражада ўтди, деб бемалол айтиш мумкин.
Чунки залга кириб келган меҳмонларнинг юриш-туриши, ҳарбий либоси, кўксини безаган орден-медалларни кўрган ўқувчилар катта қизиқиш билдиришди.
Айниқса, илгари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган О.Турдақов ва А.Темирхановларнинг «Бизлар ҳам сизлар каби оддий қишлоқ шароитида ўсиб-улғайдик. Билим, интилиш ва меҳнатимиз туфайли вазир даражасигача чиқдик. Шундай экан, яхши таълим олишга интилишингиз зарур. Шунда сизнинг орангиздан ҳам олимлар, тадқиқотчилар, вазирлар ва бошқа соҳаларнинг таниқли кишилари етишиб чиқса, ажаб эмас» деган сўзлари ўқувчиларда катта таассурот қолдирганини таъкидлаш ўринлидир.
Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган турли саҳна кўринишлари намойиш этилиб, ўқувчи ёшлар ўз истеъдодларини кўрсатишди.
Шундан сўнг меҳмонлар томонидан ўқиш ва жамоат ишларида фаол иштирок этиб келаётган ўқувчиларга эсдалик совғалари, китоблар тантанали равишда топширилди.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғситон Республикаси.
