Ўзбекистон ва Белорус Республикалари ўртасида криминология соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги истиқболлар
2025-04-19 18:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев бошчилигидаги делегация Белорус Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан 17-18 апрел кунлари кунлари “Жиноятчиликка қарши курашишнинг муаммолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кадрлар тайёрлаш” мавзусида илмий-амалий конференцияда иштирок этди.
Конференцияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тайёрлашда тажриба алмашиш, илғор технологияларни жорий этиш ва жиноятчиликка қарши курашишда янги стратегияларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Конференция давомида сўзга чиққан Б.Бердиалиевнинг “Ғалаба — бу фақат тарих эмас, балки ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлаш, тарихий ҳақиқатни сақлаш ва келажакдаги қонун ҳимоячиларини тарбиялаш зарурлигини эслатувчи муҳим омилдир. Бугун биз кадрларни тайёрлашнинг асосий жиҳатлари, жиноий ва маъмурий ҳуқуқни такомиллаштириш, криминология ва суд экспертизаси ривожи ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятига янги технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қиламиз...” нутқи алоҳида эътироф этилди.
Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференциясининг пленар мажлиси тугаши билан Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ҳамда Белорус Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Ҳамкорлик тўғрисида келишув ҳужжатига генерал-майор милиция Александр Астрейко ва полковник Бахтиёр Бердалиев имзо чекдилар. Тадбир икки давлат ўртасида хавфсизлик ва ҳуқуқ тартиботи соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида ўтказилди.
Ҳамкорлик келишувининг асосий йўналишлари жиноятчиликка қарши курашишда тажриба ўзаро алмашиш, криминология соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, таълим жараёнига янги технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган.



