Қарор ва ижро. Амалий мулоқотлар ва ўрганишлар
2025-04-18 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида афв этилган 59 нафар шахс билан учрашув ўтказиб, оталиққа олинган мактабда ўрганишлар олиб борди.
Фарғона ва Қўқон шаҳарларида вазир ўринбосари ўтказган сайёр қабулда афв этилганларнинг 5 нафари иш билан таъминланди, 13 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилди, 26 нафарига ижтимоий мослаштириш бўйича моддий ёрдам ажратилди, 4 нафарига ID-карта расмийлаштириб берилди.
Барча афв этилган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, яшаш ҳудудидаги маҳалла раислари мураббий сифатида бириктирилди.
Ишчи гуруҳ оталиққа олинган Қува туманидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўрганиш ишларини амалга оширди.
Дастлабки ўрганишлар натижасида мактаб биносининг бир қисмини сейсмик ва техник жиҳатдан носоз деб топилгани, замон талабларига жавоб бермаслиги сабабли тўлиқ капитал таъмирлаш, бир қисмини реконструкция қилиш бўйича хулоса қилинди.
Шунингдек, вазир ўринбосари томонидан мактаб инфратузилмасини, ўқувчилар учун шарт-шароитларни замон талаблари асосида янгилаш, хавфсизлик учун видеокузатув камералари ва турникет мосламаларини ўрнатиш, мактаб атрофини ўраб олиш кераклиги қайд этилди.
Фаоллар зали, физика, кимё, биология лабораториялари, касб-ҳунарга йўналтириш хонаси, ихтисослашган махсус фанлар, чет-тили лингафон хонаси, саф майдони, ошхона ва ювиниш хонаси, қишки ҳожатхоналарни барпо этиш, ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Топшириққа мувофиқ, ички ишлар органлари кўмагида мактаб ҳудудида 800 та манзарали гул ва 170 та дарахт кўчатлари экилиб, мактаб томорқаси ва унинг атрофи ободонлаштирилди.
Мактаб олдидаги йўл асфальтланиб, йўл чизиқлари чизилди, панжара ва деворлар таъмирланди, чиқиндилар, носоз асбоб-анжомлар олиб кетилди. Ва ички ишлар органлари ташаббуси билан мактабга 200 дан ортиқ электрон китоблар, 10 дан ортиқ услубий қўлланмалар ва бошқа материаллар беғараз етказиб берилди.
Мактаб услубий ва таълим-тарбия жараёнида амалий кўмак кўрсатиш учун ИИВ Фарғона академик лицейига бириктирилиб, алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, ҳар ҳафтада ўқувчилар учун ички ишлар органлари масъул ходимлари томонидан маҳорат дарслари ўтказиб борилиши белгиланди.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
