Хотира уйғонса гўзал. Дунёйимнинг бир бурчи соғинч...
2025-04-17 22:00:00 / Янгиликлар

Инсон ҳаёти китобга ўхшайди. Унинг саҳифаларидаги мазмун-моҳиятда нурланиб турган инсонийлик, фидойилик, эзгулик умрнинг беиз кетмаганидан далолат.
Бу ёруғ оламдан ўтиб кетган бўлсада, яқинлари, фарзандлари, ҳамкасблари қалбида, ёдида ибратли ҳаёт китоби доим шуълаланиб турувчи инсонлар кўп. Ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилган, марҳум истеъфодаги майор Зокиржон Ҳайдаров ҳам ана шундай инсонлардан биридир.
1937 йилда Тошкент вилояти Бўка туманида ишчи оиласида дунёга келган З. Ҳайдаров Тошкент давлат халқ хўжалиги университетида таълимни якунлагач, бироз муддат шу тумандаги суғурта компаниясида фаолият олиб борган. Кейин ички ишлар органларига хизматга кириб, дастлаб Бўка, Пискент, Оққўрғон туманлари ИИБ тергов бўлимларида ишлаган. Соҳага оид билимларини янада бойитишни мақсад қилган ёш ходим ички ишлар органларида хизмат қилиш билан бир қаторда, Тошкент давлат университетида ҳуқуқшунослик ихтисослиги бўйича таҳсил олиб, олий даргоҳни имтиёзли диплом билан тамомлаган.
Зийрак ва билимдонлиги, камтар, хушфеъл ҳамда адолатпарварлиги билан ҳамкасблари ҳурматини қозониб, хизматга бўлган муносабати билан раҳбарлар назарига тушган майор Зокиржон Ҳайдаров 1976 йилда Тошкент тумани ИИБда Давлат мулкини ўғирлашга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. У зиммасига юклатилган вазифаларни ҳар қандай вазиятда тўкис бажаришни кўзлаб ҳаракат қилган, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган.
- Зокиржон Ҳайдаров тизимнинг сир-асрорларини яхши ўзлаштирган, керакли вазиятда жўяли маслаҳат бера оладиган етук мутахассис эди, — дейди истеъфодаги полковник Тоир Орифжонов. — Юз берган ҳолат ва муаммонинг ечимини синчиклаб ўрганиб чиқарди. Бу эса ҳамиша олдимизга қўйилган вазифаларнинг ортиқча саволларга ўрин қолдирмай бажарилишига асос бўларди. Унга бефарқлик бегона эди. Шу боис хизматда яхши ҳамкасб, ҳаётда бағрикенг, олижаноб инсон сифатида хотирамга муҳрланиб қолган.
Зокиржон Ҳайдаров фаолиятида илғор иш тажрибаларини қўллаш, жамиятдаги турли иллатларга ўз вақтида барҳам беришни хизматининг аъмолига айлантира олган. Ва шу мақсад йўлида сидқидилдан қилган меҳнатлари қадр топиб, қатор медаллар, фахрий унвонлар билан тақдирланган.
- Отам қанчалар масъулияти оғир соҳада ишласада, биздан бор меҳрини аямаган, дейди Барно Умарова. — Унинг уйга қайтишини мен, сингилларим Нигора, Раъно, укам Жўрабек муштоқ бўлиб кутиб ўтирардик. Буни сезса керакда, кўпинча тўртталамизни машинага ўтқазиб, айлантириб келарди.
Ишга отланаркан, доим онамга «Бир кун келмасам, индама, икки кун келмасам, индама, учинчи куни ишхонага қўнғироқ қиларсан», деб тайинлаб кетарди. Ота-онам бир-бирини ниҳоятда ардоқлар, биз жуда бахтиёр оила эдик. Бироқ онамнинг кутилмаганда вафот этиши ҳаммамизга оғир келди. Ўша кезлар отам бор кучи билан ҳам ота, ҳам она бўлишга, кўнглимизни чўктирмасликка ҳаракат қилган. Ундаги меҳр туганмас эди. Доим отам бизга ўнта она меҳрини бера олди, дея мақтаниб гапираман. Айтганча, нафақат бизга, балки яқинлари, аммаларим, амакиларим, холаму тоғаларимгача меҳр-оқибатли, ҳаммани бир кўзда яхши кўриб, қўли очиқлиги, бағрикенглиги билан кўнглини авайларди. Отамнинг фазилатларини эсласам, беихтиёр болаликка қайтаман, доим дунёйимнинг бир бурчида соғинч бўй кўрсатади.
Зокиржон Ҳайдаров шарафли хизматига садоқатини фақат ўзигагина хос фидойилик билан намоён этиб улгурди. Оила ошёнида фарзандларига оғир кунларда ҳам меҳри, эътибори билан авайлаб, чиройли тарбия бера олди. Ҳаёти давомида «Яхшилик қил, жаҳон яхшилик олсин», деган ақидага амал қилиб, мазмунли яшади. Бугун ҳам фарзандлари, набиралари, дўсту биродарлари, ҳамкасбларининг илиқ хотираларида алоҳида фазилату хислатлари соғинч ва ҳурмат билан ёдга олиниши ана шундай саодатли умр соҳиби эканлигидандир.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. «Постда»
