Фарзандининг юрт тинчлиги ҳамда осойишталиги йўлидаги садоқатли ва намунали хизмати ортидан ташаккур эшитиш ота-она учун икки ҳисса бахтдир
2025-04-16 18:25:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти Учкўприк тумани Қурбонқашқар маҳалласи Авазжон ота Сотволдиевлар хонадонига ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюриб, қўшин сафида намунали ва ҳалол хизмат фаолияти билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келаётган ИИИ-даражали сержант Азизжон Сотволдиевнинг ота-онасига қўшин қўмондони номидан «Ташаккурнома»ни тантанали тарзда топширишди.
Меҳмонлар А.Сотволдиевнинг соҳада коррупцион жиноятни олдини олишда жонбозлик кўрсатгани, қонунчиликка қатъий амал қилиб, ўз бурчини виждонан бажараётгани учун ота-онасини самимий қутлаб, юрт корига ярайдиган фарзанд тарбиялашгани учун раҳматлар айтиб ўтишди ҳамда пир пиёла чой устида мароқли суҳбат қуришди.
Албатта, мазкур ташаккурнома ҳарбий хизматчининг юксак ватанпарварлиги, бурчга садоқати ва интизоми учун тақдим этилган бўлиб, унда ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги меҳнати алоҳида эътироф этилганини таъкидлаш жоиздир.
Ўғлим Азизжон болаликдан ҳарбий либосга ҳавас қилиб шу соҳани танлади, ундаги мардлик ва жасорат каби хислатлар эр йигитга хос, Отаси билан шундай фарзанд тарбиялаганимиздан фахрланамиз – дейди, онаси Замирахон ая Сотиболдиева. Азизжон ва унинг сафдошларига машаққатли касбларида улкан зафарлар тилайман, юртимиз тинчлигига ҳеч қачон кўз тегмасин.
Албатта, бу каби ташаббуслар ватан олдидаги бурчини сидқидилдан адо этаётган ҳарбий хизматчиларга юксак ишонч ва эътибор намунаси бўлиб қолмасдан, уларнинг ота-оналарига чексиз фахр ифода этиши билан аҳамиятлидир.
ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ахборот гуруҳи






