Маҳалла тинч — юрт тинч. Жим, гап кўчага чиқмасин
2025-04-15 23:00:00 / Янгиликлар

«Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини Деҳқонобод тумани марказида жойлашган бўлиб, аҳолиси асосан чорвачилик билан ном қозонган. Ким билан суҳбатлашманг, албатта, чорва молларини кўпайтириш тараддудида юрганига амин бўласиз. Қай бир хонадонга ташриф буюрманг, кафтдеккина жой ҳам бўш эмаслигини, ҳовлиларда 3-4 та сигир, 5-10 та қўй боқилаётганини кўрасиз.
Маҳалла гузарида қатор маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. Замонавий типда қурилган оилавий шифокорлик пункти эса 785 та хонадонда истиқомат қилаётган 2870 нафар фуқарога хизмат кўрсатмоқда.
Маҳалламизда аҳоли иштирокида жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз бўлиш юзасидан мунтазам учрашувлар ўтказилади, — дейди биз билан суҳбатда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Махматмўмин Тошпўлатов. — Бу тадбирларда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари қатнашиб, фуқароларга жиноятчилик, айниқса, экстремизм, гиёҳвандлик, одам савдосининг салбий оқибатлари тушунтирилмоқда.
Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш маҳалла еттилигининг доимий диққат марказида. Аҳолининг қарийб учдан бирини ташкил этадиган хотин-қизлар касаначилик, тикувчилик каби тўгаракларда ҳунар ўрганишмоқда. Ирода Бўриева уста тикувчи. У банк кредити асосида тикув машинаси олиб, ўзини банд қилишдан ташқари, 3-4 хотин-қизга касб сирларидан сабоқ бермоқда. Сабрина Холниёзова эса турли хил пишириқлар тайёрлаш сирларини қизларга ўргатиб келмоқда.
Маҳалла ҳудудида спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Аҳолининг ўн фоизини ташкил этадиган ўсмирлар ва ёшлар мини футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, шашка, миллий кураш, каратэ, самбо каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланади.
Маҳаллада юз берган ҳар қандай ножўя хатти-ҳаракат дарҳол оқсоқоллар даврасида муҳокамага қўйилади. Негаки, ҳар нарсадан ориятни устун қўядиган маҳалла аҳли уйдаги гапни кўчага чиқармай, муаммони ҳал қилишни афзал билишади. Ичкиликбозликка ружу қўйган, оила-турмуш доирасида мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этувчилар, ножоиз хатти-ҳаракатлари билан фарзанд тарбиясига салбий таъсир қилувчи ота-оналарнинг қилмишлари маҳалла фаоллари, оқсоқоллар билан муҳокама қилиб келинаётгани боис жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада биронта жиноят содир этилмади. Шу боис маҳалла «яшил» тоифада.
Бундай натижаларни қўлга киритишда, шубҳасиз, туман ИИБ ЖХХ ҲПБ 50/13-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, капитан Лутфулла Ҳамидовнинг алоҳида хизмати катта. Эл-юрт осойишталиги, фуқаролар хавфсизлиги йўлида қилинган ҳар қандай хизмат эса беиз кетмайди.
Капитан Лутфулла Ҳамидов яқинда Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан, муддатидан олдин «майор» махсус унвони билан тақдирланди. Бу унга келгуси хизмат фаолиятини янада фидойилик билан олиб боришида катта куч-ғайрат, шижоат бағишлаши турган гап.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
