Касб фидойилари. Зиёли муҳитда улғайган инспектор
2025-04-14 02:50:00 / Янгиликлар

Зиёли оилада туғилиш фарзандлардан ота-онасига муносиб бўлиш, яхши ўқиб-ўрганишни талаб қилади. Катта лейтенант Матназар Матчанов ҳам ана шундай ўқимишли оилада дунёга келган. Отаси — Гаиббай Матчанов ҳамда онаси — Севара Дурдиева Хоразм вилояти Хива шаҳридаги 8-сонли ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашган.
Ота-онасининг жиддий назорати ва ўзининг тиришқоқлиги ортидан Матназар ҳам аъло баҳоларга ўқиди. Мактабни тугатиб, Тошкент Архитектура қурилиш университетига ўқишга кирди. Таълим муассасасини тугатиб, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасида ишлай бошлади.
Акалари — Хоразм вилояти ИИБ «Динамо» ЖТ ва СЖК раиси ўринбосари, подполковник Эргашбек Матчанов ҳамда истеъфодаги майор Равшанбек Матчановга ҳавас қилиб, лавҳамиз қаҳрамони ҳам эгнига ички ишлар органлари формасини кийишга аҳд
қилди. Ҳужжатларини Хоразм вилояти ИИБга топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтгач, Хонқа тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида фаолиятини бошлади. Кейинчалик пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИОФМБ ҲПБ «Дўмбиробод» МФЙ ҳудудига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори сифатида фаолиятини давом эттирди.
Ҳозирда эса ИИББ Ташкилий бошқарма Ташкилий назорат ва таҳлил бўлими катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Катта лейтенант М.Матчанов вазифасига сидқидилдан ёндашиб, раҳбарият ишончини қозонишга ҳаракат қилмоқда. Ҳамкасблари билан ҳамкорликда пойтахт ҳудудидаги туманлар кесимида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳолати ҳамда келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, таҳлил қилиш натижасида уларнинг олдини олиш ва курашиш борасида зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишида қатнашмоқда. Бундан ташқари, у туман ИИОФМБ ҳудудий ИИБ бошлиқларининг хизматда фойдаланиши учун услубий қўлланма ишлаб чиқилишида бевосита иштирок этган. Бу хизматлари раҳбарият томонидан муносиб эътироф этилган.
М.Матчанов оилали. Турмуш ўртоғи Онажон Аҳмедова ҳам эгнига форма кийган. У Ислом Каримов номидаги Тошкент «АЕРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси божхона чегара постида фаолият юритади, унвони кичик сержант. Уларнинг эндигина бир ёшга кираётган Оминабону исмли қизи бор.
Зиёлилар ҳамда осойишталик учун масъул бўлган оилада халқига энг керакли бўлган кадрлар тарбия топади. Уларнинг хизмати ва меҳнати юртимиз тинчлиги ва равнақи учун ўзига яраша ҳисса бўлиб қўшилажак.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
