Спорт янгиликлари. Волейбол: Янги имкониятлар
2025-04-12 23:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Мазкур тизимли ишларнинг узвий давоми сифатида Волейбол федерациясининг ИИВ Академиясида бўлиб ўтган навбатдан ташқари конференциясида Ички ишлар, Спорт вазирликлари, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, ҳудудий ички ишлар органлари масъуллари, федерация мутасаддилари ва унинг ҳудудий вакиллари, спорт фахрийлари иштирок этишди.
Конференцияни очиб берган Спорт вазири Адҳам Икрамов волейбол спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида мамлакатимиз нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилаётганлиги, энг муҳими, унинг халқимиз орасида оммалашиб бораётганлигини эътироф этди.
Йиғилишда Ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Ташпулатов Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси этиб сайланди. Шунингдек, бир қатор вилоятлар ИИБ бошлиқлари ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳудудий бўлимлар раислигига сайланди.
Тадбир давомида Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилиши режалаштирилган спортнинг волейбол тури бўйича «Ички ишлар вазири кубоги» мусобақаларига тантанали старт берилди.
©️ “Postda” газетаси
