Фронт ортида меҳнат қилганлар. Сўзларидан ҳикмат ёғилар
2025-04-11 15:35:00 / Янгиликлар

Замонлар алмашиб, тузумлар ўзгариб, орзулар рўёбини кўриб яшайдиган даврда ўтмишдаги қийинчиликлару машаққатлар ҳақида гапирсангиз, рости, бугунги ёшлар ишонмаслиги мумкин. Мозий саҳифалари эса бугунги дориламон кун ларга етишиш йўлида не-не мард ва жасур халқ фарзандларининг азиз жонлари қурбон бўлганидан сўзлайди. Биргина Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб кишиларнинг умрини хазон қилди, кўплаб йигитлар бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Фронт ортида қолган ёш-яланглар эса болалигидан меҳнатда фидойилик кўрсатиб, аскарларга озиқ-овқат етказиб беришди, тирикчилик ҳам уларнинг зиммасига тушди.
Наманган шаҳрининг «Янги аср» маҳалласида истиқомат қилувчи, 95 ёшни қарши олаётган Маҳмуджон ота Жўраевнинг болалик йиллари айни Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Элнинг ишга яроқли, билагида кучи бор мард ўғлонлари қўлига қурол олиб, урушга отланганида, фронт ортидаги барча юмушлар болалар ва аёллар зиммасида қолган эди. Шу боис ёш Маҳмуджон 12-13 ёшларида далага отланди. Эл бошига тушган оғир кунларда ўсмир йигитлар қатори қаҳрамонимиз ҳам нафақат меҳнатда ўрнак бўлди, шунингдек, урушдан қорахат келган хонадонларда қариялар ва аёлларга яқиндан ёрдам берди.
Уруш тугаб, аста-секин ҳаёт ўз изига туша бошлагач, ёш Маҳмуджон аввалига далада меҳнат қилди. Сўнг ота-она дуоси билан пойтахтга йўл олди. 1953 йилда ИИВ Тошкент олий милиция мактабини тамомлади. Наманган шаҳар ИИБ ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор ёрдамчиси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси инспектори ва Жиноят-қидирув бўлинмасида тезкор вакилдан бўлим бошлиғигача бўлган лавозимларда, халқ тинчлиги ва осойишталигини сақлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Жиноятларни «иссиқ изида» фош этишда ўзига хос тажриба мактабини яратади. Истеъфодаги подполковник, 11 фарзандни тарбиялаб, элга қўшган фидойи ота Маҳмуджон Жўраев 1986 йилда пенсияга кузатилди.
- Ота касбини эгаллаб, мен ҳам айни пайтда истеъфодаман. Укам Муҳаммад ҳам ота касбининг давомчиси, дейди истеъфодаги майор Орифжон Жўраев. — Вилоят ИИБ фахрийлари орасида энг ёши улуғи, табарруги бўлган отамни вилоят ИИБ раҳбарияти ҳар байрамда йўқлашни канда қилмайди. Эътибор ва рағбатдан куч олади-да одам. 11 фарзанднинг еттинчисиман. Онам вафот этган. Отам қатъиятли, шижоатли бўлсалар-да, жуда кичик-кўнгил, одамшаванда инсон. Ҳаммамизнинг ўқишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун барча шароитларни яратиб беришган.
Маҳмуджон отанинг хонадони доимо гавжум. Барча фарзандлари йиғилиб қолишса, тўйхонага ўхшаб қолади хонадон. Невара-чевараларнинг сони 76 нафарга етди. Кексаликка сўз бермаган бобо эса уларни номма-ном санаб, адаштириб ҳам юбормайди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан меҳнат фахрийларига алоҳида иззат-ҳурмат кўрсатилаётгани таҳсинга лойиқ. Беморлар ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш эзгу анъанага айланган. Айниқса, Маҳмуджон отанинг хонадонида ҳар байрамда бўладиган самимий суҳбатлар отахоннинг кўнглини тоғдек кўтариб юборади. Икки аср билан юзлашган, ҳаётнинг пасту баланд йўлларида қийинчиликларни сабр ва матонат билан енгган, қолаверса, ички ишлар органлари сафида ҳалол меҳнат қилган отахоннинг барча даврлардаги хотиралари, ҳаётий ҳикоялари қизиқ. Ҳикматларга тўла сўзлари билан суҳбатдошини ҳам ўзига мафтун қилиб қўяди.
- Юрт тинчлигига кўз тегмасин, Ватанимиз гуллаб-яшнасин. Ўғил-қизларимиз бахтли бўлишсин, — дуога қўл очади отахон.
Илоҳим, умрингиз узоқ бўлсин, соғлик-омонлик ёр бўлсин, дуоларингиздан баҳраманд бўлиб яшаш ёш авлодга насиб этаверсин, Маҳмуджон бобо, деймиз!
Гулчеҳра Бувамирзаева, ўз мухбиримиз
Наманган вилояти
