Ҳушёрлик — хизмат талаби. Кесилган арқон бозоргача етмади
2025-04-11 08:20:00 / Янгиликлар

Тунги пайтда хизматдан қайтаётган вилоят ИИБ ЖТСБ Патруль-пост хизмати батальони 4-туманлараро отряди инспектори, сафдор Исмоилжон Қутлибоев Шовот туманининг «Бешмерган» маҳалласи ҳудудида мол етаклаб бораётган йигитга кўзи тушди. Бу ҳолат инспекторни бефарқ қолдирмади. Дарҳол машинасини тўхтатиб, ўзини таништирдида, йигитдан сўради:
— Бемаҳалда сигирни қаерга олиб боряпсиз?
— Бозорга, — деди йигит хавотирини сездирмасликка ҳаракат қилиб. — Сотмоқчиман. Рўзғорга пул зарур бўлиб қолди.
— Сигир ўзингизникими?
— Бошқа кимники бўларди.
— Ўзингизники бўлса, нега арқони кесилган?
Кутилмаган саволдан довдираб қолган йигит бир кўлидаги арқонга, бир ходимга қарадида, сигирни ташлаб қоча бошлади. Шубҳаси тўғри чиққанидан ҳушёр тортган инспектор бир зумда унга етиб олди...
Сафдор Исмоилжон Қутлибоевнинг ҳушёрлиги, хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиши туфайли шовотлик К.Б.нинг жиноий қилмиши фош этилди. Маълум бўлишича, у «Бешмерган» маҳалласидаги хонадонларнинг биридан сигирни ўғирлаб, бозорга сотгани олиб бораётган экан.
Сафдор Исмоилжон Қутлибоев ички ишлар органларида хизмат қилаётганига эндигина тўрт йил бўляпти. Тошкент шаҳар ИИББ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальонида хизмат фаолиятини бошлаган лавҳамиз қаҳрамони отасининг бетоблиги сабаб фаолиятини Хоразм вилояти ИИБ шахсий таркиби сафида давом эттиришни сўраб шаҳар ИИББ бошлиғига мурожаат қилди. Ходимнинг оилавий шароитини ўрганиб чиққан бошқарма раҳбарияти унинг мурожаатини қаноатлантирди. Шундан сўнг у ҳозирги хизмат жойида иш фаолиятини давом эттирди. Мана шунга ҳам икки йилдан ошди.
Жорий йилнинг ўтган даврида турли ҳуқуқбузарликлар содир этган 172 нафар фуқарога нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирган. Маст ҳолда жамоат тартибини бузган 29 нафар шахсни ҳушёрхонага жойлаштирган. Шунингдек, 12 та жиноятнинг олди-ни олишга эришган.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
