Инсон қадри учун. Фуқаролик бахти
2025-04-09 23:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда инсон қадр-қимматини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилояти. Кўп йилдан бери юртимизда яшаб, унинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни фуқароликка қабул қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий мақомини мустаҳкамлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги ҳам фикримизни исботлайди.
Муборак Рамазон ҳайити арафасида Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, кўплаб инсонлар фуқаролик мақомига мушарраф бўлишди. Қувонарлиси шундаки, уларнинг 20 нафари вилоятимизда истиқомат қилувчи шахслардир.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фуқароликка қабул қилинган шахсларга ID-карталарини тантанали равишда топшираркан, давлатимиз раҳбари томонидан берилган бундай эътиборга жавобан жонажон Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилиб, Янги Ўзбекистонни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга чорлади.
Фуқаролик бахтига эришганлар эса юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга миннатдорлик билдиришди.
Мен бу кунни 20 йил интиқиб кутдим, — дейди Бешариқ туманида яшовчи, Раънохон Раҳматова кўзда қувонч ёши билан. Тақдир тақозоси билан бир муддат Тожикистоннинг Исфара шаҳрида яшашимга тўғри келган.
Она юртимизга қайтгач, фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олдим. Президентимизга минг раҳмат, бизнинг илтимосларимизни инобатга олиб, фуқароликка қабул қилди.
Бугунги қувончимни сўз билан ифодалаб беролмайман. 1982 йилда туғилган ёзёвонлик Фаррух Файзуллаев зиёли оиланинг фарзанди бўлсада, ҳалигача паспорт ололмай келаётганди. Бунинг ҳам ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблари бор, албатта.
Ота-онам ўқитувчи бўлган, -дейди йигит ҳаяжонини яширолмай. — Собиқ иттифоқ даврида Қирғизистон ҳудудида яшаб, ўша ердаги мактабларда ишлашган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ёзёвонга келиб, ҳозиргача шу ерда яшашади. Мен эса Қирғизистон ҳудудида туғилганим учун ҳалигача фуқаролиги йўқ шахс эдим. Бугун эса юртбошимизнинг инсонпарвар сиёсати туфайли жонажон Ватанимнинг бахтли фуқаросига айландим.
Менга ва мен қатори юртдошларимизга берилган имконият ва рағбат учун миннатдорлик билдириб, бор куч ва ғайратимни шу юрт ривожи учун сафарбар этишга сўз бераман.
Сурхондарё вилоятида 56 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими У. Қосимов фуқаролик мақомини олган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID-карталарни топширди.
Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистон фуқаролигини олиш фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беришини, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
©️ “Postda” газетаси
