Ҳамкасблар ва шогирдлар эъзозида
2023-12-24 12:00:00 / Янгиликлар
Қарийб 35 йил ИИВда турли лавозимларда хизмат қилган Ғ. Аҳмедов ҳалол меҳнати ортидан обрў орттирди, йиллар давомида ўз шаънига заррача гард юқтирмади. Куни кеча ўзи фаолият юритган ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаментида фидойи ходимни иззат-икром билан пенсияга кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Нуриддин Ходжаев ва қаҳрамонимизнинг ҳамкасблари ҳамда шогирдлари иштирок этиб, ўзларининг самимий дил изҳорларини билдиришди.
– Полковник Ғуломжон Аҳмедов ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилиб, ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги билан кўпчиликка намуна бўлган, – дейди полковник Нуриддин Ходжаев. –
У киши юклатилган вазифаларни адо этишга виждонан ёндашадиган, раҳбариятнинг ҳар бир топшириғини ўз вақтида ва сифатли бажарадиган, ҳамкасбларига ҳам қўлидан келганича беминнат ёрдам берадиган бағрикенг инсон.
Шу ўринда полковник G‘.Ahmedovning кўп йиллик хизмат фаолиятига эътибор қаратсак, айни муддао бўларди. Чунки у босиб ўтган йиллар ва йўлларда Ватанимиз мустақиллигини ёвуз кучлардан ҳимоя қилишда кўрсатилган мардлик ва жасорат бор бўйи билан намоён бўлади. Хусусан, у ИИВ Махсус вазифаларни бажариш отряди командирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиши мобайнида Тошкент шаҳридаги хунрезликлар, Андижон воқеалари ва Тошкент вилоятининг чегара ҳудудларидан юртимиз сарҳадларини бузиб киришга уринган террорчилар билан бўлган аёвсиз курашларда бевосита иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Албатта, бундай фидокорлик, юрт олдидаги хизматлар алоҳида эътироф этилади. У фидокорона хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофотлари – ИИ даражали “Шон-шараф” ордени ва “Жасорат” медали билан тақдирланган.
Турмуш ўртоғи Феруза опа билан уч ўғил, уч қизни тарбиялаб, эл корига ярайдиган фарзандлар этиб вояга етказишди. Ҳозирда улар 5 нафар набиранинг меҳрибон бобоси ва бувиси сифатида умргузаронлик қилмоқда. Қувонарлиси, Ғулом аканинг эгиз ўғиллари – Ҳасан ва Ҳусан Аҳмедовлар отасининг изидан кетишга қарор қилишди. Улар айни кунларда ички ишлар органларига хизматга кириш учун ҳужжат топширишган.
Тадбир сўнгида Ғуломжон Аҳмедовга анъанага кўра, миллий тўн кийдирилди. Ўз навбатида, пенсияга кузатилаётган ходим келгусида ҳам хизмат жойига келиб туришини, қўлидан келган ёрдамини аямаслигини, шунингдек, самимий ҳурмат-эътибор учун миннатдорлигини билдирди.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз. “Постда”