Профилактика хизмати. Ўзаро аҳилликда
2025-04-06 23:00:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги Раззоқ Ҳамроев номли маҳаллада истиқомат қилувчи 7150 нафар аҳоли ўнга яқин миллатга мансуб. Қўни-қўшнининг аҳиллигини, ҳамиша бир-бирига ёрдамга шайлигини кўриб кўзингиз қувнайди.
Маҳалла аҳолиси асосан тадбиркорлик билан шуғулланади. Ишсиз фуқаролар деярли йўқ, десак, ҳам бўлади. Чунки фаоллар маҳаллада кичик тадбиркорлик субъектлари сонини кўпайтириш чораларини кўришяпти.
Аҳолини уч тоифага бўлиб, кўчаларга бўлиниб олганмиз, — дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Насиба Сафарова. — Биз асосан «қизил» ва «сариқ» тоифага киритилган фуқаролар билан жиддий шуғулланиб келяпмиз.
Мисол учун айтадиган бўлсак, «қизил» тоифадаги 34 нафар фуқародан 17 нафарининг бандлиги таъминланди. Яъни, улар доимий ҳамда мавсумий ишларга жалб қилинди. Яна 6 нафарига имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини олиб боряпти.
Хорижий давлатда доимий иш билан таъминлаш мақсадида 10 нафар фуқаро шаҳар Мономаркази ҳузуридаги Миграция бўлимига юборилди. Бу ишларда профилактика катта инспектори Иззатилло Каримовнинг жонбозлиги яхши натижа бермоқда.
Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, катта лейтенант И.Каримов зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб, ҳуқуқбузарларнинг олдини олишда ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келяпти.
Ўтган ойлар давомида маҳалла «сариқ»дан «яшил» ҳудудга айлантирилди. Шунингдек, фуқароларнинг «102» қисқа рақамига қиладиган мурожаатлари 70 фоизга ка майди. Чунки уларнинг муаммолари маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда.
Маҳалла шаҳар бўйича оғир ҳудуд ҳисобланади. Шу боис ҳудуддаги 41 та кўп қаватли уйларнинг барчасига видеокузатув камералари ва ҳар бир подъездга кодли қулф ўрнатилган.
Айни пайтда маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Ҳудуддаги очиқ ва ёпиқ бозорларда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг қўриқлаш пультига уланиши борасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида маҳалла ҳудудида осойишталик ҳукмрон. Фуқаролар аҳил-иноқликда умргузаронлик қилишмоқда.
Бу ишларда профилактика катта инспектори, катта лейтенант Иззатилло Каримовнинг алоҳида ҳиссаси борлиги эътироф этилаётгани унинг хизматига берилган муносиб баҳодир.
©️ “Postda” газетаси, Мирзоқул Аҳадов, Бухоро вилояти.
