«Соғлом оила учун бирлашайлик» шиори остида оммавий спорт тадбири бўлиб ўтди
2025-04-05 13:25:00 / Янгиликлар

Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни жисмоний фаолликка чорлаш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиздаги «Миллий боғ» ҳудудида «Соғлом оила учун бирлашайлик» шиори остида оммавий бадантарбия ва беш минг қадам юриш спорт тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирда турли вазирлик ва идоралар шунингдек ички ишлар органларида сидқидилдан фаолият юритаётган, соғлом ҳаётни қадрловчи аёллар ва қизлар ҳам фаол иштирок этдилар. Ички ишлар органлари тизимида анъанага айланиб, доимий равишда ўтказиладиган маънавият ойлиги доирасида спорт билан ҳамнафас ходима аёллар бажонидил ушбу тадбирга ташриф буюрди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова очиб берди. У эрта тонгдан соғлом ҳаёт сари интилиб, «Миллий боғ»га йиғилган барча иштирокчиларни қутлаб, ушбу спорт тадбири нафақат хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, балки жамиятда бирдамлик ва ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида оммавий «беш минг қадам юриш»га старт берилди. Иштирокчилар баҳор нафаси уфуриб турган «Миллий боғ»да кўтаринки руҳда юриш машқларини бажардилар. Шундан сўнг оммавий бадантарбия машқлари ҳам катта ғайрат билан амалга оширилди.
Мазкур спорт тадбири барча иштирокчиларга соғлом ҳаётнинг қадри, соғлом оила ва соғлом жамият барпо этиш йўлида ягона мақсад сари ҳаракат қилиш зарурлигини яна бир бор эслатди.









