Гиёҳвандлик — умр заволи. Оғуфуруш қўлга тушди
2025-04-05 03:35:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб бориляпти. Шу билан бир қаторда назорат рейд тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад — гиёҳвандликни олдини олиш, заҳри қотил савдосига чек қўйиш.
Хатирчи туманида ўтказилган тезкор тадбирларнинг бирида «Янгирабод» ЙПХ масканида «Спарк» автомашинасининг икки йўловчиси ходимларда шубҳа уйғотди. Текшириб кўрилганида, уларнинг ёнида селофан халтага жойланган вазни 56.64 граммни ташкил этувчи марихуана гиёҳвандлик воситаси топилди.
Самарқандлик, 60 ёшни қоралаётган фуқаро муқаддам бир неча бор судланган. Шунга қарамай айрим танишларини гиёҳвандлик домига тортиб, ҳатто оғу «савдо»сига шерик қилиб улгурган. Тезкор суриштирувлар натижасида мазкур заҳри қотилни Нурота туманида яшовчи шахсдан олганлиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 71 грамм марихуанани навбатдаги харидорига 250 АҚШ доллари ва 1 млн сўмга сотаётган пайтда, нуроталик оғуфуруш ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ушбу фуқарога тегишли хонадон ва унинг омборхонаси кўздан кечирилганда, жами 1 кг 104 грамм марихуанна, 3 килограмму 260 грамм қуритилган кўкнор ҳамда 85 грамм каннабис сақлаб келинаётганлиги аниқланди. Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА, ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
