Қарор ва ижро. «Дўрманча»да осойишта ва хавфсиз муҳит яратиляпти
2025-04-02 22:00:00 / Янгиликлар

Бағдод туманининг «Дўрманча» маҳалласи жиноятчилик салмоғи юқори бўлган, криминоген вазият оғир ҳудуд саналарди. Ўғрилик, тан жароҳати етказиш ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар тез-тез содир этилгани боис аввалги йилларда «қизил» тоифага киритилган эди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вазият тубдан ижобий томонга ўзгарди.
- Уч минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳалламизда деҳқон бозори, кийим-кечак бозори, мол бозори, шунингдек, яна ўнлаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган, — дейди профилактика катта инспектори, подполковник Улуғбек Бектемиров. — Бу ерга туман аҳолиси билан бирга, қўшни Риштон, Олтиариқ, Учкўприк, Бувайда туманидан ҳам савдо-сотиқ учун келишади. Айниқса, мол бозори жуда гавжум бўлиб, жиноятчилик ҳам ушбу бозорлар ҳиссасига тўғри келарди. Жиноятларнинг сабабларига илмий жиҳатдан ёндашиб, уни жиловлашга қаратилган йўл харитаси асосидаги саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ маҳалламиз бугунда «қизил»дан «яшил» тоифага ўтди.
Катта инспекторнинг қайд этишича, биринчи галда маҳалла еттилигининг ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича билимларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ўтказилди. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан автоматлаштирилган тартибда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга оширишга жиддий эътибор қаратила бошланди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида вояга етмаганлар, хотин-қизлар, тарбияси оғир ёшлар ҳамда пробация ҳисобида турган шахслар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди. Муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар бўйича «хонадонбай» ишлар ташкил этилиб, 5 нафар маъмурий назоратдагилардан 2 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди, 3 нафари ишга жойлаштирилди. Рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бозорлар, савдо дўкони ва расталарга 25 та камера ўрнатилди. Улардан 15 таси профилактика катта инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилинди.
Бундан ташқари, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 3 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига эса 2 та камера ўрнатилди, 5 та хонадон ҳамда 4 та савдо дўкони қўриқлаш хизмати томонидан техник қўриқловга олинди. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 2 та ташвиш тугмаси қўйилди.
- Ҳозирда «Намунавий хавфсиз кўча» ҳамда «Намунавий хавфсиз йўлак» ташкил этиш бўйича ҳам жадал иш олиб боряпмиз, — дейди катта инспектор. — Давлатимиз раҳбарининг ўз вақтида, узоқни кўзлаб чиқарган қарори йиллар давомида криминоген вазият оғир ҳудуд саналган бизнинг маҳалламизга чин маънода янги нафас олиб кирди, осойишта ва хавфсиз манзилга айлантирди.
Маълумот учун, дўрманчаликларнинг ҳақиқий ҳимоячиси ва маслаҳатгўйига айланган подполковник Улуғбек Бектемиров Олтиариқ туманида туғилиб ўсган. Ички ишлар органларидаги орттирган 25 йиллик бой амалий тажрибасини ёш ходимларга баҳоли қудрат ўргатиб келяпти.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
