Назарий ва амалий кўникмаларда устоз ва шогирд анъанасининг ўрни
2023-12-18 10:00:00 / Янгиликлар
Ички ишлар органларида хизматни бошлаган ёш ходим соҳа сирларини ўрганиб, янги ишга мослашиши бироз қийин. Шу боис, унга касб сирларини ўргатиб, келгусида ўз ишининг малакали мутахассиси бўлиши учун мураббий бириктирилади. Мураббий, албатта, ўзининг билими, инсоний фазилатлари, касбига масъулияти билан ҳар томонлама шогирдига намуна бўлмоғи лозим.
Туман ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси, лейтенант Гавҳарой Абдумансурова ИИВ Академиясини муваффақиятли битириб, илк хизмат фаолиятини бошлаганида унга туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Бахтиёр Абдуллаев мураббий этиб бириктирилди.
Подполковник Б.Абдуллаев шогирдига жиноятларни тергов қилиш давомида инсон шаъни, қадр-қиммати ҳар доим биринчи ўринда туриши кераклигини уқтириб келади. Гавҳарой йил бошидан буён фирибгарлик, ўғрилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, безорилик, тан жароҳати етказиш билан боғлиқ кўплаб жиноятларни сифатли тергов қилиб, суд ҳукмига топширди.
Шунингдек, у фуқаролар билан муомала қилиш, жиноят иши бўйича ҳужжатларни ўз ўрнида қўллаш, касбга доир билим ва малакасини муттасил ошириб бориш сингари зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажариб, устозининг ишончини оқлаб келмоқда.
Г.Абдумансурова бўш вақтида китоб ўқиш, чет тилларини ўрганиш, спорт машғулотлари ва тикувчилик билан шуғулланади. Жойларда, хусусан, таълим масканларида бўладиган учрашувларда ёшларни турли фан ва спорт тўгаракларига жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш кўплаб жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади деб ҳисоблайди...
“Postda” газетаси, Шерзод Абдусамадов, Тошкент шаҳри.