Рақамли криминалистлар тайёрланди
2025-03-27 20:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Ситуацион марказга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Ички ишлар вазирлиги Академияси Криминалистик экспертизалар кафедрасида “рақамли далилларни аниқлаш, олиш ва дастлабки тадқиқот ўтказиш” мавзусида ҳудудий ички ишлар органлари эксперт-криминалистлари учун доимий равишда ташкил қилинадиган дастлабки бир ойлик ўқув курси ўтказилди.
Рақамли криминалистика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича дастлабки ўқув курсида ҳудудий ички ишлар органларининг эксперт-криминалистлари рақамли ахборот ташувчи воситалардаги мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш, ўчирилган ва зарарланган маълумотларни тиклаш ҳамда дастлабки рақамли тадқиқот ўтказиш бўйича назарий ва амалий машғулотларда иштирок этдилар.
Ўқув-амалий машғулотлар рақамли экспертизалар йўналишида халқаро сертификатга эга бўлган амалиётчилар ва Академиянинг рақамли криминалистика соҳасидаги профессор-ўқитувчилари томонидан интерактив ўқитиш методлари қўлланилган ҳолда ҳамда бевосита Вазирликнинг рақамли экспертиза лабораторияларида олиб борилиб, якунига кўра тегишли сертификатлар берилди.
Ҳар бир ҳудудий ички ишлар органларида рақамли криминалистика соҳасида махсус билимга эга бўлган криминалистларнинг фаолият кўрсатиши рақамли далилларни аниқлаш, олиш, тўплаш ва таҳлил қилиш орқали ахборот технологиялари соҳасидаги рақамли далиллар исботлов базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур янги ташкил этилган ўқув курслари давомида жорий йил якунига қадар 60 нафар рақамли эксперт-криминалистлар тайёрлаш назарда тутилган.
ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази