Жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ёҳуд Ўзбекистон тумани ИИБ тажрибаси
2023-12-17 11:00:00 / Янгиликлар

Жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлимида муайян тажриба тўпланган бўлиб, мазкур тажрибаларни бошқа шаҳар-туманларга оммалаштириш мақсадида семинар-тренинг ўтказилди. Унда шаҳар-туман ички ишлар бошқарма ва бўлимларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, соҳа фахрийлари иштирок этди.
Семинар қатнашчилари вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал майор Азизбек Икрамов бошчилигида даставвал туман ИИБ биносида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишида олиб борилаётган ишларни ўзида акс эттирган кўргазма билан танишишди.
Сўнгра йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида туманда амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ҳам намойиш этилди.
Семинарда қайд этилганидек, туман ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш мақсадида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда «хонадонбай» ва «фуқаробай» тизими асосида жиноят қилишга мойил бўлган фуқаролар, муқаддам судланган ва профилактик ҳисобда турган шахслардан 3 минг 912 нафарининг рўйхатлари қайта тафтишдан ўтказилиб, улар билан мунтазам равишда профилактик ишлар олиб борилмоқда ва таъсир чоралари кўрилмоқда.
Тунги вақтларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида туман ИИБда тунги хизмат ташкил этилиб, «Бумеранг», «Автобус» тадбирлари ташкил этиляпти. Август ойида бошланган ушбу тадбирлар давомида 3 минг 600 нафардан ортиқ шахслар билан фильтр сўровлар ўтказилди.
Ҳозирги кунда туман ҳудудида 14 та жамоатчилик назорати масканлари ўз иш фаолиятини олиб бормоқда. 68 та мактаб, 57 та мактабгача таълим муассасаси ва 3 та касб-ҳунар мактабларининг тунги вақтларда қўриқланишини янада яхшилаш мақсадида ушбу ўқув муассаса қоровулларига ёруғлик қайтарувчи нимчалар, ҳуштак ва фонарлар тарқатилиб, улардан фойдаланиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганда хабар бериш тартиблари бўйича йўриқномалар ўтказилди.
Бундан ташқари, туманда видеокузатув камераларини ўрнатиш орқали ҳам содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга эришилмоқда. Жорий йил август ноябрь ойлари давомида «Туркистон», «Беруний», «Бозор Яйпан», «Афғон», «Обод» ва «Даштчўлпон» маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига 10 тадан, жами 60 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилинди. Бу, ўз навбатида, ушбу ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда катта самара бермоқда.
Семинар давомида генерал майор Азизбек Икрамов тумандаги корхона-ташкилотларнинг қоровуллари билан ҳам учрашув ўтказиб, учрашув давомида ички ишлар органлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ ишчи-хизматчиларга совғалар топширилди. Шу ерда Миллий гвардия қўриқлаш бўлимининг кўргазмаси ҳам ўтказилди. Кўргазма давомида қўриқлаш пультига уланишнинг афзалликлари тушунтириб берилди.
Абдувосит СИДИҚОВ, ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
