Соҳа фидойиси. Эр йигит — эл ғамида
2025-03-26 08:55:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларидан бири бўлмиш Паркент туманидаги «Кумушкон» маҳалласи табиатининг гўзаллиги ўзгача. Уч мингдан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилаётган маҳалла осойишталигини таъминлаш йўлида, мана, 5 йилдирки, профилактика инспектори, майор Ғофур Бегабоев фидойилик билан хизмат қилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ҳамкорликда бандлиги таъминланмаган фуқаролар ишга жойлаштирилиб, маҳалланинг деярли барча жойларига кузатув камералари ўрнатилди. Шунингдек, тунги рейдлар ташкил этилиб, қонунбузарликларнинг олди олинди. Натижада, криминоген ҳудудлардан ҳисобланган ушбу манзилда жиноятлар сони кескин камайиб, аввалига «сариқ», кейин «яшил» тоифадаги ҳудудлар сирасига киритилди.
- Маҳалла ҳудудида 53 та меҳмон уйи ташкил этилган, яна юздан ортиғи фаолиятини бошлаш арафасида. Бу аҳолини иш билан таъминлаш, натижада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка барҳам беришда катта аҳамият касб этади, — дейди майор Ғофур Бегабоев.
Ички ишлар органларидаги 13 йиллик фаолиятининг барчасини профилактика хизматига бағишлаган лавҳамиз қаҳрамони устози, истеъфодаги подполковник Дилмурод Тўраевдан касб сирларини ўрганиб, тажрибасини бойитди. Шунингдек, бокс билан ёшлигидан шуғулланиб, спорт усталигига номзодликни қўлга киритди, кикбокс бўйича эса ИИ даража соҳибига айланди.
Ҳозирда турмуш ўртоғи Зулфияхон билан 3 ўғилни вояга етказаётган майор Ғ.Бегабоев хизматдан сўнг фарзандларида китобга бўлган меҳрни кучайтириш мақсадида улар мутолаа қилган адабиётлар бўйича фикр алмашади.
Михли САФАРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент вилояти.
