Шогирд устози ҳақида. Эзгуликка ошуфта дил
2025-03-14 16:00:00 / Янгиликлар

1998-1999 йилларда ИИВ Транспорт ИИБ Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати, ходимларни тарбиялаш ва ижтимоий ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлимида капитан Гулнора Умарова билан бирга ишладик. Гулнора опа оқкўнгил, самимий, беғубор, қалби тоза, меҳрибон аёл экан.
960 йили Тошкент шаҳрида туғилган Гулнора Умарова 1979 йилда Тошкент педагогика билим юртини муваффақиятли тамомлаб, бир муддат болалар боғчасида ишлаган. Ишдан ажралмаган ҳолда, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг дефектология факультетида сурдо йўналиши бўйича таҳсил олган.
1982 йилдан 2010 йилгача ИИВ Транспорт ИИБ Шахсий таркиб билан ишлаш хизматида турли лавозимларда самарали хизмат қилиб, муҳим топшириқлар бўйича катта инспектор лавозимидан майор унвони билан пенсияга чиққан Гулнора опа шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ходимлар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ходимларнинг маънавиятини ошириш мақсадида ўтказиладиган турли тадбирларда ўз фаоллиги билан ажралиб турарди.
Ҳаёт синовлардан иборат. Бу синовлар устозимни ҳам четлаб ўтмади. 2006 йил умр йўлдоши Баҳодир Умаров вафот этганда, икки қиз ва ўғли билан қолди.
Аммо у ўзини йўқотиб қўймади. Болаларига ҳам ота, ҳам она бўлиб, оқ ювиб, оқ тараб катта қилди. Уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратди.
Бу ўз самарасини берди, бугун катта қизи Дилдора Республика эстрада ва цирк коллежида ўқитувчи, Нилуфар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини битирган. Айни кунда бола тарбияси билан машғул. Ўғли Санжар эса хусусий тадбиркор.
Ҳозирги кунда истеъфодаги майор Гулнора Умарова бир қучоқ набиралар қуршовида кексалик гаштини сурмоқда. Фарзандлар ишли, ўқимишли ва ҳунарли.
Байрам баҳонасида кўнгли эзгу-ликка ошуфта устозимни чин қалбимдан табриклаб, бу меҳрибон ва қадрдон аёлга узоқ умр, хотиржам ҳаёт, мустаҳкам соғлиқ ва икки дунё саодатини тилайман.
©️ “Postda” газетаси, Шуҳрат Рўзиев, истеъфодаги подполковник.
