Аёл ва жамият. Табассум — ташриф қоғозига айланган
2025-03-14 08:25:00 / Янгиликлар

Нигарахан доимо кулиб туради. Унинг самимий табассуми ташриф қоғозига айланган. Шу боис баъзи ҳамкасбларимиз Нигараханни исми билан эслай олмай қолганида, доимо кулиб турадиган терговчи қиз дея таъкидлашади.
Майор Нигарахан Пердебаева ёшлигиданоқ отаси майор Азат Юсупов каби, ички ишлар ходими бўлишни орзу қилганди. Шу боис ИИВ Академиясига ўқишга кириб, 2016 йилда уни аъло баҳоларга тугатгач, илк хизмат фаолиятини Хўжайли тумани ИИБда терговчи бўлиб ишлашдан бошлайди. Шундан сўнг Мўйноқ тумани ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, Қўнғирот тумани ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи катта инспектори лавозимларида фаолият олиб борди. У ҳозирда Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмасида терговчи лавозимида хизмат қилмоқда.
Терговчи одамларни сабр-тоқат билан тинглай билиши, ичидаги гапларини айтишга ижозат бериши керак, — дейди Нигарахан. — Шундагина улар айримларни жиноят кўчасидан ёки қайта жиноят содир этишдан қайтаришади. Биз тўғри муносабатимиз орқали ҳам кишиларни жиноятдан қайтаришимиз мумкин. Мен хизмат фаолиятим давомида доимо шу тамойилга амал қилишга интиламан.
Таъкидлаш жоизки, касби юзасидан турли хил вазиятларга ва муаммоларга дуч келганда, ҳар доим устозларининг насиҳатлари, шунингдек, оилада турмуш ўртоғи ва қайнота-қайнонасининг қўллаб-қувватлаши билан ҳар қандай муаммони енгиб ўтаётган Нигарахан 2 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, суюкли ёр ва қайнота-қайнонасига беминнат хизмат қилувчи намунали келин ҳисобланади. Жамоат ишларидаги фаол иштироки, шунингдек, китоб ўқишга бўл-ган меҳри туфайли ҳар доим пешқадамлар сафида бўлиб келмоқда.
Хусусан, у 2023 йили Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ўтказилган «Фидойи аёл» кўрик-танловида И ўринни, «Касб аълочиси» кўрик-танловида ИИ ўринни, шунингдек, яқинда ИИВ тизимида хизмат олиб борувчи шаҳодатланган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинида Нигарахан иштирок этган жамоа фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, вазирликда китобхонлик бўйича ўтказилган «Энг яхши китобхон» танловида эса ИИИ ўринни эгаллагани бунга яққол далил бўла олади.
Сайёра КУЛИМБEТОВА, майор.
Қорақалпоғистон Республикаси.
