“Ички ишлар органлари тарихи музейи”нинг янги биносини ҳамда “Фарзандларини маънавиятга етаклаётган ички ишлар органлари ходими”нинг рамзий ҳайкалини тантанали очилиш маросими ташкил этилди
2023-12-02 20:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги тизимида илк тарихий музей 1974 йилда ташкил этилган бўлиб, мустақиллик йилларида қайта реконструкция қилинган. Шунингдек, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан вазирлик биносида “Ички ишлар органлари тарихи музейи” кенгайтирилган ва тарихий экспонатларга бойитилган ҳолда фойдаланишга топширилган эди.
Янги барпо этилган “Ички ишлар органлари тарихи музейи” вазирлик раҳбарияти ташаббуси билан нафақат соҳа ходимлари ва тизим меҳмонлари учун, балки кенг жамоатчилик, кекса авлод вакиллари ҳамда ёшлар томонидан ўрганиш ва фойдаланишларига кенг имкон бериш мақсадида Ички ишлар вазирлигига қарашли “ЖАР” комплексида яратилди.
Музейнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, соҳа масъуллари ва фахрийлар қатнашдилар.
Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, тизим тарихини ўрганиш ва сабоқ чиқариш ўсиб келаётган ёшлар учун чинакам ҳаёт мактаби бўлишини, юртга садоқат ва мардлик ғояларини шакллантиришда муҳим восита эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, мазкур бунёдкорлик ишларида алоҳида жонбозлик кўрсатган соҳа фидоийлари, бир гуруҳ фахрийларга самимий миннатдорчилик билдирди.
Шундан сўнг масъуллар ва фахрийлар томонидан рамзий лента кесилиб, меҳмонлар музей экспонатлари билан яқиндан танишишдилар.
Таъкидлаш ўринли, музейдаги тарихнинг олдинги даврларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг шаклланиши ва ривожланиши босқичлари, турли йиллардаги хизмат кийимлари, табель қуроллари, ускуна ва махсус воситалар намуналарини, ички ишлар органларини шаклланиши тарихини кўриш мумкин.
Ушбу янгидан ташкил этилган музей 800 кв. метрни ташкил этиб, аввалгисидан деярли икки баравар катта ҳудудда жойлаштирилди. Экспонатлар сони ҳам тўрт мингдан зиёдни ташкил этди. Вазирликнинг барча соҳавий хизматлари тарихини акс эттирган алоҳида бурчаклар ташкил этилди.
Жумладан, “Ўзбекистон ҳудудида хавфсизлик ва ички тартибни сақловчи тузилмаларнинг шаклланиши”, “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар”, Вазирлик соҳавий хизматлари фаолияти, “Ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлиги ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазаси”, “Янги Ўзбекистон — янги ички ишлар органлари” каби йўналишлар, шулар жумласидандир.
Музейда шунингдек, ватан олдидаги хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ўғлонлар хотирасига алоҳида павильон ажратилиб уларнинг ҳаёт йўллари ва қаҳрамонликлари тўлиқ ёритилган.
Музей ташқарисида “Фарзандларини маънавиятга етаклаётган ички ишлар органлари ходими” рамзий ҳайкалининг бунёд этилишида эса алоҳида маънавий-маърифий маъно мужассам.
Ёшларни маънавий юксалишида, миллий ўзликни англашида, ҳақиқий ватанпарварлик ғояларини қарор топтиришда мазкур музей халқимизга узоқ йиллар хизмат қилиши шубҳасиз.
ИИВ Ахборот хизмати









