Ёшлар Ватан ҳимоясига тайёрланмоқда
2025-03-02 13:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари, Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳамда ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ёшларни ватанпарварлик, жасурлик ва жисмоний чиниқиш руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.
Бу мақсадда 2024 йил 28 февраль – 1 март кунлари Ички ишлар вазирлигининг “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида “Жанговар тайёргарлик бўйича кўргазмали чиқишлар” кўрик-танлови ўтказилди.
Мусобақа давомида иштирокчилар жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид амалий кўникмаларини намойиш этишди. Улар қурол ва қуролсиз жанг қилиш, ҳимоя ва ҳужум усуллари бўйича беллашиб, ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар.
Бу танлов ўқувчиларга келгусидаги хизмат фаолияти учун зарур бўлган жанговар малака ва кўникмаларни мустаҳкамлаш имконини яратиши билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов сўзга чиқиб, ушбу мусобақаларнинг асосий мақсади ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва жанговар фаоллигини ошириш эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, бу борада давлат томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилгани, ёшлар эса ўз навбатида турли спорт мусобақалари ва танловларда юксак натижаларни қайд этиб келаётгани фахр билан қайд этилди.
Кўрик-танлов якунида бир қатор ғолиблар аниқланди. “Энг яхши жамоа мураббийси” номинациясида Наманган академик лицейи мураббийси ғолиб бўлди. “Энг фаол жамоа раҳбари” деб Сурхондарё академик лицейи раҳбари топилди.
Қорақалпоқ академик лицейи ҳамда 1-сонли Тошкент академик лицейи ўқувчилари эса “Энг яхши қиз ва ўғил бола иштирокчи” номинацияларида зафар қучишди.
Умумжамоа ҳисобида Бухоро академик лицейи жамоаси учинчи ўринни, Жиззах академик лицейи жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Кучли рақобат ва юқори маҳорат билан ўтган мусобақада Андижон академик лицейи жамоаси барча иштирокчилардан устун келиб, учинчи бор кетма-кет кубок соҳиби бўлди.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ушбу танлов нафақат жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш, балки ёшларнинг Ватанга муҳаббатини ошириш, садоқатли ва жасур кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.