Соҳавий хизматларда. Фахр ҳисси
2025-02-27 23:00:00 / Янгиликлар

Катта сержант Ҳожиакбар Ҳасанов ўз касбига масъулият билан қарайди. Шунинг учун бўлса керак, қийинчиликлар билинмайди. У бугунги кунда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Ахборот технологияларини жорий этиш гуруҳи муҳандиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, ўз соҳасини пухта эгаллаган лавҳамиз қаҳрамони меҳнат фаолиятини ички ишлар органларида бошлади. Мана, шунга ҳам 17 йил бўлди. Бу орада у устозлари ва ҳамкасбларидан ўрганганларини амалиётда қўллаб, тажриба тўплади.
Ҳожиакбар туман ИИО ФМБ ҳамда 5 та ИИБ навбатчилик қисмлари, ходимларнинг хизмат хоналарида компьютер технологиялари ва алоқа тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиб, локал тармоққа тўлиқ уланишда бевосита иштирок этди. Ҳозирда барчасида босқичма-босқич профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, туман ҳудудида жойлашган «Шодлик» ҳамда «Гулбозор» МФЙ ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ҳамкасблари билан биргаликда шу икки маҳалланинг бир қанча аҳамиятга молик нуқталарига «Face ID», «PTZ» ҳамда бошқа турдаги кузатув камераларини ўрнатиб, уларни Тошкент шаҳар ИИББ Ягона тезкор бошқарма маркази «Қалқон» дастурига интеграция қилишди.
Профилактика инспекторлари ваколатига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритувни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ва уларнинг суд мажлисларида масофавий тарзда қатнашиш амалиёти жорий этилиши муносабати билан Олий суднинг «E-XSUD» ахборот тизими ИИВнинг «Маъмурий иш» ягона ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилинган.
Суд жараёнларини масофавий тарзда ўтказиш мақсадида тумандаги 5 та ИИБда «онлайн суд» тизими ишга туширилди. Бунда ҳам катта сержант Ҳ. Ҳасановнинг муносиб ҳиссаси бор. У бундан фахр ҳиссини туяди.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри