Биз гиёҳвандликка қаршимиз. Оғу гирдобига тушманг
2025-02-22 22:00:00 / Янгиликлар

Гиёҳвандликка қарши курашиш мақсадида 1-февралдан 1-мартга қадар мамлакатимизда «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш» комплекс тезкор профилактик тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда. Навоий вилоятида ҳам ойлик доирасида ёшлар иштирокида тарғибот-ташвиқот ва назорат тадбирлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай тарғибот тадбирларидан бирида ИИВ Тезкор қидирув департаменти масъул ходими, полковник Аҳмаджон Матлюбов иштирокида вилоятда жойлашган олий таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мактаб ўқувчилари билан гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари, уларга қарамлик ортидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида суҳбат уюштирилди.
Шунингдек, Навоий ихтисослаштирилган маданият мактабининг ижодкор ёшлари иштирокида кўрик-танлов ўтказилиб, мавзуга оид энг яхши суратлар муаллифлари муносиб тақдирланди.
Тунги хизматга жалб этиладиган ходимлар билан йўриқнома ўтказилиб, ҳудудларда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича тарғибот ўтказиш, ёшлар билан алоҳида суҳбатлар олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.