Жиноятларни фош этишда эксперт-криминалистларнинг роли: прокурор ва терговчилар учун махсус ўқув машғулотлари ўтказилди
2025-02-19 17:10:00 / Янгиликлар

Дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, воқеа ҳодисалар, илм-фан янгиликлари жадал суръатлар билан ҳаётимизга кириб келмоқда. Замон билан ҳамнафас юриш, ўзгаришларнинг фойдали ва самарали томонларига эътибор бериш, ўзлаштириш, ҳаётга унумли татбиқ этиш ҳар бир соҳанинг жадаллашуви ва ривожига туртки бермоқда. Шу жиҳатдан юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, жамият, инсон ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз ва таҳдидларнинг олдини олиш ички ишлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифаларидир.
Содир этилган жиноятларнинг «иссиқ изида» очилишида эксперт-криминалистларнинг билими, тажрибаси ва саводхонлиги катта аҳамиятга эга. Мазкур соҳа вакилларининг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, илғор технологияларни соҳага татбиқ этиш, улар имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида режали тартибда ўқув машғулотлари ўтказиш йўлга қўйилган.
Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика маркази катта эксперти С.Ланкин ҳамда эксперт Р.Гулмирзаевлар томонидан Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари терговчилари ва прокурор-криминалистларнинг малакасини ошириш бўйича навбатдаги ўқув машғулотлари ўтказилди.
Машғулотнинг мавзуси «Қотиллик ва бошқа жиноятлар, ўз жонига қасд-суиқасд қилиш ҳодисалари бўйича ҳодиса жойини кўздан кечириш, далилларни тўплаш ва қайд этиш, тинтув ва бошқа ҳаракатларни ўтказиш усуллари» га бағишланиб, видеоселектор-онлайн тарзда ташкиллаштирилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси терговчилари ва прокурор- криминалистларига жиноят содир этилган жойни кўздан кечиришнинг босқичлари, жиноятнинг содир этилиш жараёнларини, ҳаракатларни «саҳналаштириш» (инсценировка), ҳодиса жойидаги вазиятни ўрганиш ва ишнинг далилий моҳиятини, жиноят излари, жиноят содир этиш қуроллари ва бошқа ашёвий далилларни аниқлаш, қайд этиш, олиш ва қадоқлаш ва бошқа хатти-ҳаракатлар тўғрисида батафсил маълумотлар,тушунчалар берилди.
Шунингдек, ўқув-машғулот қатнашчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига тўлақонли жавоблар олишди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати