Анжуманлар албатта самара беради
2025-02-12 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар йили республикамизда 1-февралдан 1-мартга қадар «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш комплекс тезкор-профилактик ойлиги» ўтказиб келинади. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги мажлислар залида ташкил этилган матбуот анжумани ушбу муҳим тадбирни эълон қилишга бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, ИИВ Тезкор қидирув департаменти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, БМТ ва Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси масъул ходим ва раҳбарлари қатнашди.
— Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятчилик нафақат миллий, балки минтақавий, ҳаттоки глобал миқёсда хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солади. У жамиятда қонунчиликни таъминлашга хавф солиш билан бирга, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга ҳам тўсқинлик қилади.
Айниқса, бу иллатнинг ёшларимиз ўртасида тарқалиши нафақат жамиятимизнинг бугунги ҳаётига, балки келажагимизга ҳам салбий таъсир этмоқда, — деди ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизматининг масъул ходими, подполковник Нодирбек Абдурасулов.
Таҳлилларга кўра, 2020—2023-йилларда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноят содир этган шахслар орасида ёшларнинг улуши ўртача 26 фоиз бўлса, 2024-йилда бу кўрсаткич 34 фоизни ташкил қилган. Сўнгги 5 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари ташаббуси билан республикамизда аниқланган наркотик жиноятлари сони 2 бараварга ошиб, ноқонуний муомалада аниқланган гиёҳвандлик воситалари 27 фоизни ташкил этган.
Шундан синтетик наркотиклар 80 бараварга ортиб, кучли таъсир қилувчи дори воситалари 40 фоизни ташкил этган. Шу давр мобайнида диспансер ҳисобига олинган гиёҳвандлар сони қарийб 40 фоизга ошган. Ўтган йилнинг ўзида 1000 дан ортиқ инсонлар наркотиклардан ўткир заҳарланган. Шулардан 10 нафаридан ортиқ ўлим қайд этилган.
Юқоридаги статистик маълумотларни инобатга олган йиғилиш иштирокчилари гиёҳвандлик ва наркотикларга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам асосий эътибор марказида бўлиши лозимлигини таъкидлашди.
Шунингдек, турли таълим муассасаларига ташриф буюрган фаол ёшларнинг саволлари тингланди ва бу иллатни қандай қилиб камайтириш ёки йўқотиш йўллари ҳақида қизиқарли суҳбатлар ўтказилди.
©️ “Postda” газетаси, Абу Кенжаев.