Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов ҳузурида ҳафтанома йиғилиши ўтказилди
2025-02-11 11:10:00 / Янгиликлар

Унда бошқарма раҳбарияти, соҳавий хизматлар раҳбарлари ва ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди. Йиғилишда жорий йил бошидан содир этилган жиноятлар таҳлили, очилмаган жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва тергов жараёнларининг сифати муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоятдаги 544 та маҳаллада жиноятчиликни олдини олиш бўйича йўл хариталари ижроси, профилактик тадбирларнинг самарадорлиги ва тизимли камчиликлар таҳлил қилинди. Пробация назоратида турган шахслар билан ишлаш, патруллик йўналишларининг самарадорлиги ва тақсимотини такомиллаштириш ҳам муҳокама қилинган асосий масалалардан бўлди. Ёшлар ва аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга доир махсус тадбирларни кучайтириш юзасидан ҳам топшириқлар берилди.
Ҳудудларда уюшган жиноятчилик ва кибержиноятларга қарши курашиш, хонадонбай тушунтириш тадбирларини йўлга қўйиш ҳамда пластик карталар билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, видеокузатув тизимларини такомиллаштириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, «Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак» лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида ҳар бир масала юзасидан соҳавий хизматлар ва ҳудудий ИИБ раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижросини белгиланган муддатда таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Ходимларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини ошириш, интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати








