Иқтидорли ёшлар — юрт таянчи
2025-02-08 22:00:00 / Янгиликлар

Хоразм вилоят ички ишлар органларида ёш ходимларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, билим ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, илғор ғоя ва ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йилда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган 147 нафар ёш ходим зиммасига юклатилган вазифага масъулият билан ёндашиб, самарали натижаларга эришгани ҳамда ўз билим ва иқтидорини намойиш этгани учун ИИВ ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланди.
Ходимларнинг касбий, жисмоний ҳамда жанговар маҳоратини ошириш мақсадида кўплаб ўқув ва амалий машғулотлар, спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ўтказиб борилди. Ушбу машғулотларда 29 нафар ёш ходим спортнинг профессионал йўналиши билан шуғулланиб, ижобий натижаларни қўлга киритишди. Уларнинг 13 нафари республика, 8 нафари халқаро, 6 нафари қитъа, 2 нафари эса жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлишди.
Шунингдек, «Заковат» клуби аъзолари томонидан ёш ходимлар ўртасида интеллектуал соғлом рақобат муҳитини яратиш, ходимларнинг билимга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Натижада олти нафар ёш йигит-қиз ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган турли йўналишдаги кўрик-танловларнинг республика босқичида ғолиблар сафидан жой олишди.
Вилоят ички ишлар органлари тизимида хорижий тилларни пухта ўзлаштирган 35 нафар иқтидорли ёш хизмат қилишади. Улардан 14 нафари маҳаллий, 1 нафари эса халқаро тоифадаги сертификатга эга бўлишган.
Вилоят ИИБнинг ёш ходимлардан иборат жамоалари ҳам «Заковат», «Аждодлар изидан» интеллектуал ўйинлари, волейбол, мини футбол, шахмат, кураш, сузиш сингари кўплаб спорт мусобақаларининг республика босқичларида фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлишди.
Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ёш ходимлар билан ўтказилаётган юзма-юз мулоқотлар, «Раҳбар ва ёш ходимлар» учрашувлари ҳам истеъдодли ёшларни кашф этишда кутилган натижаларни берди.
Таассуротларга бой тарзда ўтган мазкур тадбирларда вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, фахрийлар кенгаши фаоллари, ёшлар ташкилоти вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, ёш ходимлар билан самимий суҳбатда бўлишди, уларнинг таклиф-истакларини эшитишди, илғор ғоя ва ташаббуслари билан танишишди.
Тадбирларда энг фаол ёшларнинг ибратли ишлари алоҳида эътироф этилиб, қўллаб-қувватланди. Айни кунда вилоят ички ишлар органларининг ёш, ғайрат шижоатли ходимлари бунданда самарали натижаларга эришиш мақсадида ўқув ва амалий машғулотларини давом эттиришмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Темур Отажонов, капитан.
