Буюк сиймолар мероси – миллатимиз хазинаси: ИИВ 2-сонли Тошкент академик лицейида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий тадбир ўтказилди
2025-02-07 13:30:00 / Янгиликлар
![Буюк сиймолар мероси – миллатимиз хазинаси: ИИВ 2-сонли Тошкент академик лицейида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий тадбир ўтказилди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F43cf0c57-f6fc-24bc-d25d-b933306cfef7_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби ички ишлар органларининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кечалар, суҳбат ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Куни кеча Ички ишлар вазирлигининг 2-сонли Тошкент академик лицейида “Буюк сиймолар” мавзусида ўтказилган тадбир ҳам айнан икки буюк аждодимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодига бағишланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар буюк аждодларимизнинг маънавий мероси, асарларида илгари сурилган ғоялар орадан беш юз йилдан кўп вақт ўтган бўлсада, ҳамон инсонларни эзгуликка чорлаб келаётганлигини эътироф этдилар.
Иқтидорли ўқувчилар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар, айниқса Навоий ва Бобур ғазал ва рубоийларидан ўқилган намуналар тадбир иштирокчиларига бирдай манзур бўлди.
Учрашувда ИИВ Академияси ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Гулноза Ахмедова сўз олиб Навоий ва Бобур асарларининг ёшлар тарбияси, уларни баркамол инсонлар сифатида камол топишларидаги аҳамияти ҳақида гапирди.
Истеъфодаги полковник, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зикрилло Неъмат ижодкор ёшларга ўзининг янги китобларидан совға қилиб, Навоий ғазалларига боғлаган мухаммасларидан ўқиб берди.
Тадбирда Вазирлик Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Умидбек Нуруллаев ва Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси подполковник Хуршидбек Рўзиевлар сўзга чиқиб, асосий вазифа – буюк мутафаккирларнинг умрбоқий ғояларидан, хайрли ишларидан ибрат олиш ва уни ҳаётимизнинг мазмунига айлантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Учрашув якунида тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчи ёшлар подполковник Х.Рўзиев ва полковник У.Нуруллаевлар томонидан китоблар тўпламлари билан тақдирланди. Бу каби маънавий тадбирлар шу кунларда Ички ишлар органларининг турли идора ва тизимларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти