Асосий контентга ўтиш

Соҳа фидойиси. Илм, қатъият ва шижоат

2025-02-06 23:00:00 / Янгиликлар

Дилафрўз қатъият, шижоат ва илм барча нарсадан устун туришини отаси Сафар ака ва онаси Гулсора опадан ўрганди. Сафар ака муҳандислик касбида ишлаб обрў орттирди, элу юртга фойдаси тегди. Онаси Гулсора опа математика фани ўқитувчиси — айни кунларда табаррук ёшда бўлсада, таълим беришда давом этмоқда. Ота-онаси унинг шифокор бўлишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди.

Илк хизмат фаолиятини Тошкент шаҳар ИИББ Тиббиёт бўлимида эксперт-терапевтликдан бошлаган капитан Дилафрўз Шарапова бугунги кунда Ҳарбий-тиббий комиссия раиси лавозимида хизмат қилиб келмоқда.

Хизматга қабул қилинадиган номзодларнинг соғломлигини пухта тиббий кўрикдан ўтказишдан ташқари, тиббий кўрик ёки мурожаатлар асосида ходимларнинг касалликларини аниқлаш, уларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолатларда тор мутахассислар кўригига йўлланмалар бериш натижасида улар соғлиғининг назорат қилиб борилишига бош-қош бўлмоқда.

Дарвоқе, лавҳамиз қаҳрамони ақлни чархлашда катта ёрдам берадиган шахмат билан ҳам мунтазам шуғулланиб келади. У пойтахт ИИББ ходимлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаган. Хусусан, 2022 йилдаги баҳсларда фахрли 1-ўрин соҳиби бўлган.

Эгнига ҳам оқ халат, ҳам ички ишлар органи формасини кийиб, хизмат кўрсатиш кишидан катта масъулият талаб этади. Шу билан бир қаторда, турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандини эл-юрт корига ярайдиган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган етук инсонлар қилиб тарбия беришга алоҳида эътибор қаратган. Уларнинг иккиси ҳам олий таълимда таҳсил олиб, ота-онасининг муносиб давомчилари сифатида Ватан корига ярайдиган кадрлар бўлиб етишиш йўлида билим олишмоқда.

Мамлакатимизда кўплаб аёлларимиз масъулиятли лавозимларда фаолият юритиб, Тўмарис ва Бибихоним каби момоларимизга муносиб бўлиш йўлида меҳнат қилмоқда, — дейди капитан Д. Шарапова. — Улар ҳам ишда, ҳам оилада эркаклар билан елкама-елка туриб, эл-юрт равнақи йўлида собитқадам бўлишмоқда.

Хотин-қизларимизнинг бахтли ҳаёт кечириши ва севган касбида ўзларини намоён қилиши учун яратилаётган бундай кенг имкониятларнинг таг замирида Юртбошимизнинг алоҳида эътибори ётибди, албатта.

©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.

74

Охирги янгиланиш: 2025-02-06 11:22:38

Соҳа фидойиси. Илм, қатъият ва шижоат