Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари дзюдо бўйича “Европа очиқ кубоги“чемпионатида зафар қучишди
2025-02-06 08:30:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар ИИББда ўз хизмат вазифаларини тўлақонли, сидқидилдан бажариш билан бирга спорт билан мунтазам равишда шуғулланиб, жаҳон спорт майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган соҳамиз ходимлари кўпчиликни ташкил этади.
Улар Ватанимиз шон-шуҳратини дунёга танитиш баробарида ички ишлар органлари ходими деган шарафли номни юксакларга кўтариб келишмоқда.
Куни кеча Франция давлатининг Лилл шаҳрида Европа давлатлари мезбонлиги остида спортнинг дзюдо тури бўйича “Европа очиқ кубоги” чемпионати ўтказилди. Унда турли давлатлардан ташриф буюрган 100дан ортиқ маҳоратли, номдор спортчилар ғолиблик учун муросасиз кураш олиб бордилар.
Мусобақада Республикамиз ички ишлар вазирлиги терма жамоаси таркибида майдонга тушган пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг 3 нафар аъзоси: Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, капитан Ф.Шарипов, Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ Навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси, капитан Ҳ.Атаджанов ва ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик батальони 2-отряди 1-гуруҳ командири, катта лейтенант Б.Иноятовлар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Аввал хабар берганимиздек, 100 кг вазн тоифасида Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, капитан Ф.Шарипов 1-ўринни эгаллади. 100 кг.дан ортиқ вазн тоифасида майдонга тушган Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси, капитан Ҳамид Атаджанов кескин ва шиддатли жангларда 1-фахрли ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. 81 кг гача бўлган вазн тоифасида майдонга тушган Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик батальони 2-отряд 1-гуруҳ командири, катта лейтенант Баҳром Иноятов эса бельгиялик рақибини сўзсиз мағлуб этиб, 3-ўринга кўтарилди.
Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шахсий таркиби Ватанимиз шуҳратини жаҳон бўйлаб ёйиб, давлатимиз мадҳияси ва байроғини Европа замини узра баралла таратиб зафар қозонган ҳамкасбларимизни қизғин табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий саодат ва Ватанимиз тинчлик-осойишталигини сақлаш йўлида улкан муваффақиятлар тилаб қолади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати
