Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабули ўтказилди
2025-02-02 09:00:00 / Янгиликлар
«Қишлоқда бир кун» лойиҳаси доирасида Паркент туманининг «Янги Цанганак» маҳалласида ташкил этилган ушбу тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабули ўтказилди.
Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи генерал-майор Тоҳир Арипов фуқароларнинг ички ишлар органларига оид мурожаатларини шахсан қабул қилиб, уларга ечим топиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Хусусан, ички ишлар органларига хизматга кириш, тергов жараёнлари ва бошқа масалалар бўйича келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, тадбирда вилоят прокуратураси, ФВБ, Миллий гвардия ва МИБ раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ўз йўналишлари бўйича фуқаролар муаммоларини тинглаб, уларнинг ечими бўйича амалий ёрдам кўрсатдилар.
Тадбир давомида вилоят 3-сектор раҳбари, ИИББ бошлиғи генерал-майор Тоҳир Арипов ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар хонадонида бўлиб, уларнинг ҳаётий шароитларини яхшилаш учун зарур ёрдамлар кўрсатилишини таъкидлади ҳамда масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати