Тилга эътибор – элга эътибор
2023-11-06 12:25:00 / Янгиликлар

Сўнги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан давлат органлари ва ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари ташкил этилиб, тайинланган масъуллар томонидан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ва “Нотиқлик санъати академияси” таълим маркази ҳамкорлигида турли вазирлик ва идоралар, маданият ва маънавият тизимларида, журналистика соҳасида самарали меҳнат қилаётган ва нутқий фаолияти билан ибрат-намуна бўлаётган бир гуруҳ касб эгаларини турли номинациялар бўйича тақдирлаш тадбири ўтказилди.
“Ижтимоий-маърифий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда оғзаки ва ёзма нутқни яхши ўзлаштиришни рағбатлантириш, бундай маърифий мақсадга қаратилган тадбирлар самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш ушбу маросимнинг муҳим шартидир”, — дейди таълим маркази раҳбари, профессор Раҳимбой Жуманиёзов.
“Нотиқлик санъати академияси” таълим маркази мутахассислари томонидан бир йил давомида олиб борган турли тадқиқотлар ва ўрганишлар таҳлиллари орқали она тилимизнинг бетакрор нафосати ва бой имкониятларини креатив мулоқот усулларидан унумли фойдаланган ҳолда самарали қўллаб келаётган билимдон нотиқлар 16 та номинациялар бўйича тақдирланди.
Жумладан, қуйидаги йўналишлар эълон қилинди: “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини халқ билан самарали мулоқот ва ноанъанавий ташвиқот орқали етказишдаги шахсий ибрати учун” (Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов),
“Мамлакат ҳаётидаги долзарб воқеаларни чуқур мушоҳада салоҳияти ва ўзбек тилининг бой жозибаси билан етказиш борасидаги маҳорати учун” (таниқли журналист Хайрулла Нуриддинов),
“Ўзбек тили сухандонлик ва дубляж мактабини ривожлантириш ишига қўшаётган улкан шахсий хизматлари учун” (таниқли актёр, моҳир сухандон, дубляж устаси Афзал Рафиқов),
“Хорижий мамлакатларда миллий шеъриятимиз жозибаси ва нафосатини тараннум этишда жўшқин ижодий фаолияти учун” (истеъдодли шоир Носиржон Жўраев),
“Ўзбек қизиқчилик санъатини энг яхши анъаналари нутқ оҳангларини сақлаган ҳолда бойитишга ва халқаро майдонда тарғиб қилишга қўшган муносиб ҳиссаси учун” (марҳум қизиқчи Обид Асомов),
“Жаҳоннинг нуфузли халқаро анжуманларида Ўзбекистон ва ўзбек тили шуҳратини ёйиш ва мамлакатимиз обрўсини юксалтиришга қўшаётган беқиёс журналистик фаолияти учун”, (халқаро журналист, таниқли публицист ва моҳир шоир Карим Баҳриев),
“Ижтимоий тармоқларда таҳлилий материалларни ёритишда ўзбек ёзма нутқидаги замонавий коммуникатив компетенцияси учун” (таниқли журналист Илёс Сафаров),
“Медиа маконда сайловчилар манфаатларини ифода қилишда фаол ва қатъий депутатлик позицияси учун” (Сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраев),
“Етакчининг нотиқлик маҳоратини ошириш масалаларини илмий-таҳлилий ўрганишдаги янгича илмий-назарий ёндашувлари учун” (педагогика фанлари номзоди, доцент, Отабек Ҳасанов),
“Аҳолининг кенг қатламларида ижтимоий-маънавий тарғиботни содда ва халқчил тильда етказиб беришга қўшаётган фавқулодда фаоллиги учун” (фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова),
“Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича ўтказилган қатор тадбир ва анжуманларда нутқ воситасида фикр ва мантиқни ижтимоий юкини тугал етказиб беришдаги замонавий ёндашувлари учун” (педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева),
“Китобхонлик маданиятини юксалтириш ва китоб тарғиботи йўлидаги замонавий ёндашувлари ва улкан амалий ҳиссаси учун” (Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона директори Умида Тешабоева),
“Ўзбек тилининг расмий нутқ маданиятини юксалтиришга қўшаётган юксак маҳорати ва фидокорона хизматлари учун” (таниқли журналист ва публицист Муртаза Қаршибоев),
“Халқ оғзаки поэтик ижодини педагогик, герменевтик ва лингвистик маҳорат орқали самарали етказишдаги буюк хизматлари учун” (Ўзбекистон миллий университети Ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси доценти, марҳум устоз Омонулла Мадаев).
“Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда диний мавзулардаги чиқишлари орқали маърифий исломни қатъий ҳимоя қилишдаги жонбозлигини учун” (Жалолиддин Ҳамроқулов),
“Ёшларда дипломатик этикет, вербал ва новербал мулоқот кўникмаларини оширишга қўшган ҳиссаси учун” (“Спикер” нотиқлик клуби раҳбари Икром Худойбергенов)лар тақдирландилар.
Тантанали тадбирда Ички ишлар вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, подполковник Рўзиев Хуршидбек Хасанович, Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, полковник Маҳсумов Хамза Валихоновичлар иштирок этиб, тадбир ташкилотчиларига Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати топширилди.
Шунингдек, Вазирлар маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги “Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази” мутасадди раҳбарлари айнан соҳага оид китоблари билан ғолибларни рағбатлантирдилар.
ИИВ Ахборот хизмати




