Кинология хизмати. «Томик» билан бирга
2025-01-27 23:00:00 / Янгиликлар
Айни пайтда Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмаси 3-сонли кинология гуруҳининг кичик инспектори, кичик сержант Ойбек Жўраев хизмат ити «Томик» билан кўплаб мусобақаларда қатнашиб, ўтган йили ички ишлар органлари кинолог ходимлари ўртасида ўтказилган кўпкураш мусобақасининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган.
ИИ бугун ҳам хизмат йўриқномасига ўз вақтида етиб келди. Йўналишлари бўйича танишгач, жиноятларни «иссиқ изида» фош этишда хизмат итлари иштирокини ошириш, машғулотларга ўргатишда масъулият билан ёндашиш лозимлиги яна бир бор таъкидланди.
Лавҳамиз қаҳрамони тушдан кейин «Самарқанд» мунтазам ЙПХ масканига, назорат-рейд тадбирига жалб этилди. Унга қадар барча кинологлар махсус майдонда хизмат итлари билан турли машқларни бажаришга киришди. Ойбек ҳам «Томик» лақабли жонивор билан белгиланган ҳаракатларни амалга оширди.
Машғулотлар давомида хизмат итларини жиноятчини қўлга олишга, изларни қидиришга, гиёҳвандлик моддаларини излаб топишга ўргатамиз, — дейди кичик сержант Ойбек Жўраев. — Янги бириктирилган хизмат итини соҳага ўргатиш бир хил кечмайди. Шу боис машғулотлар давомида нафақат жониворлар, балки биз — кинолог ходимлар ҳам биргаликда жисмоний-жанговар машғулотларда қатнашамиз.
Хуллас, кичик сержант Ойбек Жўраев куннинг иккинчи ярмида хизматни «Самарқанд» ЙПХ масканида давом эттирди. Йўл-патруль хизмати инспектори билан бирга шубҳа қилинган юк машиналари ва қўшни вилоятдан келган автотранспорт воситалари тўхтатилиб, текширилди.
«Дамас» автомашинаси тўхтатилганида, «Томик» негадир ҳайдовчи ёнида кетаётган 45-50 ёшлардаги йўловчига қараб тинмай ҳура бошлади. Кинолог Ойбек Жўраев итни машинага яқинроқ олиб боргани сари итнинг важоҳати ортди. Бу бекорга эмас экан. Йўловчининг ёнидан гугурт қутиларига жойланган гиёҳвандлик воситалари топилди. Ҳайдовчи эса, қидирувдаги шахс бўлиб чиқди.
Йигирма икки йиллик тажрибага эга Ойбек Жўраев ўз устида тинимсиз изланиши ва хизмат фаолиятига масъулият билан ёндашиши сабаб жамоа ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган. «Хавфсиз ҳудуд», «Қорадори» каби тадбирларда фаол қатнашиб, ҳудуд осойишталигига ҳисса қўшмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.