Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг пойтахт фуқаролари билан навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди
2025-01-17 11:10:00 / Янгиликлар

Жойларда раҳбар ходимларнинг аҳоли билан яқиндан мулоқот юритиб, уларни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар, муаммоларига ечим, саволларига жавоб топиш борасидаги очиқдан-очиқ мулоқотлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.
Фикримизнинг исботи ўлароқ бугун Тошкент шаҳар ИИББ асосий биносида Бош бошқарма бошлиғи, генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг пойтахт фуқаролари билан навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтганини таъкидлаш жоиз. Унда ўттизга яқин фуқаролар ўзларининг ҳуқуқий, ижтимоий, маиший ва бошқа турдаги мурожаатлари билан қатнашди.
Аксарият фуқароларнинг мурожаатлари шу ернинг ўзида тезкор ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва текширув талаб қиладиган мурожаатлар раҳбар томонидан қатъий назоратга олинди. Мурожаатларни мазмунан таҳлил этадиган бўлсак, маҳалла ободонлигини яхшилаш, ҳудуд секторларидаги мавжуд муаммолар, терговга қадар текширув ва тергов жараёнлари билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этди.
Фуқароларнинг аксарияти ҳуқуқий тушунтириш ва қонуний маслаҳатлардан қониқиш ҳосил қилишди. Пойтахт аҳолиси муаммоларига биргаликда ижобий ечим топиш, саволларига қонунан жавоб бериш, манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги учрашув ва мулоқотлар мунтазам давом эттирилади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати





