Олий таълим муассасаларида. Сенга боғлиқ эртанги кун
2025-01-07 23:00:00 / Янгиликлар
Наманган давлат университетида 18419 нафар талаба таҳсил олади. Олий таълим даргоҳига бириктирилган профилактика инспектори, майор Азизбек Тўхтабоев талабаларга ўзи ҳақидаги маълумот ва телефон рақамлари акс этган ташрифномаларни тарқатган.
Университетда профессор-ўқитувчилар ва бошқа ходимлар орасида 2024 йил давомида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмади. Ўқув йили давомида «Давомат», «Тиғ», «Орият» тадбирларида дарсга ўз вақтида келмаётган, ички тартиб-қоидаларга бўйсунмаётган ёшлар аниқланиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар айланишининг олдини олиш юзасидан наркология диспансери ходимлари билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Ҳар бир талабанинг юриш-туриши доимий эътиборимизда. Ижарада яшовчи талабалар рўйхати шакллантирилиб, улар истиқомат қилаётган хонадонларга бирма-бир бориб, яшаш шароитларини ўргандик. Жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойил талабалар билан якка тартибда профилактик ишлар амалга ошириб келмоқдамиз, — дейди майор Азизбек Тўхтабоев.
Амалга оширилган тарғибот тадбирлари натижасида университетда жиноят содир этиш ҳолати 2024 йилда аввалги йилга нисбатан кескин камайди.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилди. Ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамкорлигида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ижарада яшовчи талабалар ҳолидан хабар олиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий, ватанпарварлик ва спорт йўналишлари бўйича жами 180 та тарғибот тадбири ўтказилди.
Айни пайтда университетда 3 нафар профилактика инспектори фаолият юритмоқда. Майорлар Дилмурод Каримов ва Зуҳра Каримова билан ҳамкорликда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида «Ҳарбий қисмларга ташриф», «Жазони ижро этиш муассасаларига ташриф», «Адлия ва ёшлар», «Прокурор ва ёшлар», «ИИБ ва ёшлар», «Депутат ва ёшлар», «Уч авлод учрашуви» тадбирлари ташкил этилди.
Университетда хорижлик талабалар ҳам таҳсил олади. Яқинда тиббиёт факультетида таҳсил олувчи ҳиндистонлик талабалар ўртасида ўтказилган давра суҳбатида университет ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодекси билан таништирилди.
Ўтказилаётган барча тадбирлар университет ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — дейди майор Зуҳра Каримова.
©️ “Postda” газетаси, Гулчеҳра Бувамирзаева, Наманган вилояти.