Сурхондарё вилоятида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш ҳамда маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ишлари ўрганилди
2024-12-16 22:50:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига биноан, фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳолини қиш мавсумида энергия ресурслари (электр, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, иссиқ сув) билан тўлиқ таъминлаш ҳамда бу борада тегишли идора ва ташкилотлар вакилларининг масъулиятини оширишга қаратилган қатор тадбирлар Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудларида ҳам амалга оширилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 15 декабрь куни Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи Тимур Исмаилов бошчилигида соҳа масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари иштирокида ижтимоий соҳа объектлари, шифохоналар, кўп қаватли уйлардаги иссиқлик билан таъминловчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишилди. У ердаги мавжуд имконият ва шароитлар ўрганилиб аниқланган камчилликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганиш давомида Денов туман Ҳудудий электр тармоқлари бўлими филиалида ташкил қилинган вилоят куз-қиш штабида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги кўздан кечирилди.
Ҳудудларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўп қаватли уйлар, шахсий хонадонлар ва жамоат жойларида видео-кузатув қамровини ошириш, криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, профилактика инспекторлари томонидан аҳоли муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича “маҳалла еттилиги” билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тунги вақтларда ҳар қандай кўринишдаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қаратилиб, тунги хизматга жалб қилинган ходимлар билан йўриқнома ўтказилди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг кундалик ўрганиш ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати