Юксак мукофот соҳиблари. Ҳамон изланишда
2024-12-15 11:50:00 / Янгиликлар
Хизмат фаолиятини бошлаганига қарийб 27 йил бўлганига қарамай, подполковник Марҳабо Ҳожиева ҳамон изланишда. У соҳавий билимларини ошириш учун ўз устида ишлашдан, тегишли адабиётларни ўқишдан тўхтамайди.
- Бу касбни танлашимга раҳматли отам истеъфодаги майор Ҳикматилло Ҳожиев сабабчи бўлганлар. Падари бузрукворим 30 йилдан ортиқ Нурота тумани ИИБда фаолият кўрсатганлар. Онам Хурсан Ибрагимова эса кўп йиллар мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берганлар. Опаларим онамга ўхшаб ўқитувчилик касбини танлашди.
Улғайганимда ички ишлар соҳасини танлашимни айтганимда, отам «Илоҳим, полковник бўл!» деб дуо қилдилар. Онам эса «Қиз боласан, эртага оила қурасан. Кейин бу соҳада ишлашга қийналасан», деб бироз қаршилик қилдилар. Ҳар сафар навбатдаги унвонни олганимда, отамнинг дуолари ёдимга тушади, — дейди Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Марҳабо Ҳожиева.
Узоқ йиллик хизмат фаолияти мобайнида кўплаб жиноятларни тергов қилиб, бой тажрибага эга Марҳабо опа қатор шогирдлар тарбиялаб етиштирди. Ҳозирга қадар уларга амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, энг асосийси, тергов жараёнини холисона, одиллик билан олиб бориш лозимлигини таъкидлайди.
Эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги фидойиларча хизмати ва касбга садоқати учун подполковник Марҳабо Ҳожиева Президентимизнинг 2024 йил 24 октябрдаги фармонига мувофиқ «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
- Мен онамнинг ишларини давом эттираётганимдан фахрланаман. Ватанимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганларидан барчамиз чексиз қувондик. Ука-сингилларим Улуғбек, Меҳригиё ва Моҳичеҳра ҳам келажакда ота-онамиз касбини давом эттиришмоқчи, — дейди унинг ўғли, Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхонасининг катта инспектори, сержант Муҳаммадали Ҳакимов.
Ҳа, Марҳабо Ҳожиевага ҳар томонлама бахт, омад кулиб боққан десак муболаға бўлмайди. Чунки уни қўллаб-қувватлайдиган турмуш ўртоғи, шогирдлари, фарзандлари бор. Умр йўлдоши Қаҳрамон Муҳамматов шу соҳада хизмат қилиб, пенсияга чиққан. Шунинг учун уни яхши тушунади.
- Мен ишхонада терговчи Марҳабо Ҳожиеваман, — дейди у майин табассум билан. Уйда эса меҳрибон она, сариштали уй бекаси бўлишга ҳаракат қиламан.
Дарҳақиқат, лавҳамиз қаҳрамони ҳаётда учраган тўсиқларни сабр-матонат, гўзал хулқ-атвори билан енгиб ўтгани учун ҳам оилада, ҳам хизматида муваффақиятга эриша олди. Шу касбни танлаганидан ҳеч қачон афсусланмади.
Маҳлиё Холова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Навоий вилояти