Ёшлар — келажак бунёдкори. Руҳиятнинг калити — кайфиятда
2024-12-07 07:30:00 / Янгиликлар
Амударё тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Инобат Ўрозматова хизмат фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмади. Шунга қарамай, масъулиятли ва тиришқоқ ёш ходим ўтган вақт мобайнида туманда истиқомат қилаётган аёлларга ижтимоий, моддий, психологик кўмак бериш борасида самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида 800 га яқин хонадонлар уйма-уй юриб ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида турли масалаларга доир 530 дан ортиқ муаммолар бартараф этилди. Шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларда маҳалла фаоллари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиши натижасида уларнинг 87 таси яраштирилди. Бундан ташқари, оилавий келишмовчиликлар юзасидан қилинган оғзаки мурожаатлар асосида 135 та оилада тушунтириш ишлари олиб борилди. Мазкур ишлар натижаси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида туман ҳудудида хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолати сезиларли даражада камайишига эришилди.
— Аёл — нозик хилқат. Аммо турмуш ташвишлари, оилавий келишмовчиликлар баъзан ҳатто эркак кишининг ҳам қаддини букиши мумкин, — дейди катта лейтенант И.Ўрозматова. — Шу боис хизмат фаолиятимда, биринчи навбатда, оилалардаги муаммоларга ва уларнинг сабабларига эътибор қаратиб, уларни имкон қадар ҳал этишга ҳаракат қиляпман. Бунда олий ўқув юртида психология йўналишида таълим олганим асқатмоқда.
Азамат ПИРНИЯЗОВ, ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.